АсосийSUG'DIYONA

Болага пул бериш тарбиясини бузадими?

'Болага пул бериш тарбиясини бузадими?'ning rasmi

Болага пул бериш керакми? Лозим бўлса, неча ёшдан ва қанчадан? Керак бўлмаса, нимага? Пул болани бузадими ёки пулсизлик? Бундай саволлар ҳар қандай ота-онани ўйлантириши табиий. Қуйида шу масалага тўхталамиз.

Ҳаммаси оиладан бошланади!

Агар фарзанд тинч-тотув, рисоладагидек оилада тарбияланса, оила аъзолари бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлсалар, болага пул бериш, унинг пулга муносабатини шакллантириш борасида турли тажрибалар қилиб кўрса бўлади. Аммо оилада муҳит носоғлом бўлса, пул бола учун ҳар қандай ҳолатда ҳам (яъни берсангиз ҳам, бермасангиз ҳам) муаммога айланади. Демак, энг аввало, оиладаги муҳитни яхшиланг.

«Ҳа» ми ёки «Йўқ»

Болага пул бериш керакми деган саволга “ҳа” дегувчилар ҳам, “йўқ” дегувчилар ҳам бисёр.

“Йўқ” дегувчилар далиллари:

  • Бола пулни тўғри сарфлашни билмайди, ота-она унга нима керак бўлса ўзи олиб бериши лозим;
  • Ҳалитдан пулга ўрганса, келажакда хасис ва таъмагир бўлиб қолади;
  • Доим пул бериб турмасангиз, инжиқлик қиладиган бўлади, ўзи ишлаб топмагани учун пулнинг қадрига етмайди;
  • Ёнида кўп пул юрса, ёмон ўртоқлари кўпаяди, уриб олиб қўювчилар ҳам топилади.
  • Атрофдаги ҳаммада: ота-онасида, ака-опаларида, тенгдошларида пул бор-у, фақат унда йўқ. Бола ўзини ноқис сеза бошлайди, ўзига баҳоси тушиб кетади;
  • Пул берсангиз, уни мустақил ишлатишни, режалашни, тежашни ўрганади. Қўлига пул бермай пулга тўғри муносабатни шакллантириш имконсиз;
  • Бермасангиз, ўжар, қайсар бўлиб боради, ўша пулни ўғирлаб олиши мумкин.

“Ҳа” дегувчилар далиллари:

Шу сабабли қатъий бир гапни айтишга шошилманг. Болалар ҳам, катталар ҳам, оилалар ҳам турлича. Вазиятга қараб иш тутиш керак.

Неча ёшдан бошланади?

Икки қараш бор: ё бола пул санашни билгандан бошлаб, ёки мактабга чиққач. Кўпинча бу иккиси бир вақтга тўғри келиб қолади. Бола пул санаш ва ишлатишга тайёрлигини билиш учун уни дўконга жўнатиб туринг. Кўринг-чи: айтган нарсангизга берган пулингиз етмаслигини сезармикан, қайтим олишни унутмасмикан, қайтим нотўғри қайтарилса, билармикан. Шуларнинг ўзидан болангиз ҳаётида пул қанчалик ўрин эгаллаганини билиб олсангиз бўлади.

Қанча бериш керак?

Боланинг ёши, эҳтиёжлари ва албатта, имкониятларингиздан келиб чиқиб берасиз. Ҳеч қачон фалончи мактабга шунча олиб келяпти, менга ҳам беринг деган гапларга кўнманг. Боланинг реал эҳтиёжларини билинг ва шунга лойиқ пул беринг. Борди-ю, ҳар куни пул бера олмасангиз, буни болага тушунтиринг. Айтайлик, сиз фалончининг ота-онаси каби ҳар куни унга пул бера олмайсиз, аммо маълум вақтдан кейин унга кутган нарсасини совға қилишингиз мумкин. Мутахассислар бир масалада якдил: болага хоҳ ҳафтада, хоҳ ойда бир бўлсин, пул бериб туриш керак. Бўлмаса, у ўзи пул ишлаб топганда сарфлашни билмайди.

Қандай кўринишда бўлади?

Мутахассислар, болага пулни маълум вақт оралиғида, фақат нимага сарфлашини аввалдан келишиб олган ҳолда беришни тавсия этадилар. Масалан, ҳар куни тушлик учун ёки ойда бир марта кундалик харажатлари учун ва ҳоказо. Аммо бола бу пулни олиш учун маълум шартларга риоя этиши кераклигини билсин. Ота-она болани жазолашда унга пул бермаслик усулини қўлламаслиги керак. Бу самарасиз, ҳатто, зарарли жазо туридир. Бола ота-она билан савдолашишни бошлайди.

Тўғри сарфлашни қандай ўргатамиз?

Болалар кўпинча пулни бирданига сарфлаб қўйишади. Пулга енгил муносабатнинг нималарга олиб келишини билдиринг: айтилган муддатгача етказа олмадими, демак бир-икки кун пулсиз юради. Бошида ҳаражатларни режалаштиришни ўзингиз ўргатиб боринг: маблағни майда қисмларга бўлиб, вақти-вақти билан бериб туринг. Бола ортиқча сарф-ҳаражатга йўл қўймай, режалаб ишлатаётганига ишонсангиз, ҳафтада бир марта бир ҳафталик қилиб беришингиз мумкин. Борди-ю, тўғри сарфлашни эплолмаса, демак, ҳали у мустақил харидларга тайёр эмас. Вақт, имкон берасиз ва кутасиз. Фақат ҳаражатларни доимий назорат қилиб боришни унутманг.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар