1

Севадими, йўқми? Аниқлаймиз!

СУҒДИЁНА 11.05.2018, 17:02
Севадими, йўқми? Аниқлаймиз!

Йигит кишининг севгиси самимий ёки сохталигини қандай аниқлаш мумкин? Илтимос, руҳшунос шу мавзуда фикрлари билан ўртоқлашса дегандим.

Фарзона, 18 ёш

Муҳаббатга аниқ таъриф берилмаган. Унда шартларга ҳам ўрин йўқ. Ёзувчи айтганидек, ҳар бир юрак уни янгилайди. Ҳамманинг севгиси ўзига хос бўлади. Белгилари-чи, дейсизми? Дугонажонлар, диққат қилинг, руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан мавзуни таҳлил этамиз.

Мақсадсиз йигит бўлмайди...

Ҳеч бир эркак аёлнинг ёнига мақсадсиз келмайди. Йигитлар ҳам шундай. Улар қизнинг эътибори, севгисига эришишни истаб у томон қадам ташлашади. Мақсадига эришиш учун ундан нималар талаб қилинишини билишни истайди. Муносабатларни эса ҳамиша аёл киши бошқариши шарт. Агар бошқарув рулини йигитнинг қўлига топширсангиз, севги кемангиз «Титаник»дек ғарқ бўлиши ҳеч гапмас. Чунки эркак зоти муносабатларни бошқариш учун яратилмаган. Улар минглаб кишилар ишлайдиган заводларга раҳбарлик қилишлари, космик кемани бошқаришлари, оиланинг боши бўлишлари мумкин, асло муносабатларнинг эмас. Шундай экан, қизлар ўзлари нима истаётганларини, муносабатлардан нима кутаётганларини аниқ билиб олишлари даркор.

Дугонажон, сизни алдаш осонми?

Қизлар биринчидан, ҳиссиётга берилувчан бўлишади, иккинчидан, ишончсизлик ҳисси кучли уларда (ўзига, ташқи кўринишига, имкониятларига, ўзини севишларига) ва ҳаёт, муҳаббат тўғрисидаги қарашлари реалликдан анча йироқ. Муносабатларда зийрак бўлмаган қизни гаҳ деса, қўлга кўндирадиган қилиш мумкин. Йўқ, биз йигитларнинг бари ёлғончи, бевафо, худбин бўлади, демаяпмиз. Шунчаки бир ҳақиқатни унутманг, ҳамма ҳам, жумладан сиз ҳам, кам ресурс сарфлаб, кўп нарсани қўлга киритишни истайсиз. Шунинг учун ҳам телбаларча севиб қолиш ёшидаги дугоналаримизга бироз худбинлик асқатади.

Севган киши ҳамма нарсага тайёр бўлади

Бундай фикрлаш хато. Йигитнинг гўёки сизни деб ўқишни ташлаб кетгани, жаҳл билан телефонини синдиргани, онасига қарши бориб уйдан қочгани — булар доим ҳам севгисини исботлаш йўлидаги ҳаракатлар саналавермайди. Унинг асаблари чарчаган бўлиши ҳеч гапмас. Ёки романтик совғалар, кутилмаган сюрпризлар, қип-қизил атиргуллар муҳаббатдан сўзлайди, дея хулоса қилолмаймиз. Унутманг, эркак киши истилочи. Улар доим забт этишни исташади, аёл кўнглини ҳам. Бунинг учун икки ўртоғи билан гаров бойлаши шартмас. Эътиборингиз, меҳрингизни қозониш йўлидаги жараённинг ўзи уларга завқ бағишлайди. Муносабатларни тўғри йўлга йўналтириш ва мустаҳкамлаш эса кўп томонлама қиз болага боғлиқ. Айрим қизлар уларга гапини ўтказадиган, қўпол муомала қиладиган йигитларни телбаларча мени севиб қолган, деб ўйлашади. Йўқ, булар муҳаббатнинг дараги эмас! Йигит яхши кўрса, севгисига арзийдиганини севади ва унинг кўнглини, шаънини кўз қорачиғидек асрайди.

Нима қилиш керак?

1. Аввало, саволни тўғри қўйинг — «У мени севармикан?» эмас, «Мен у билан бахтлиманми?».

2. Сизни ҳурмат қиладими? Муҳаббатнинг асоси — ҳурмат. Гап сизни сизлаб, йўл беришидамас, сўзларингизни эшита билиши, фикрларингиз билан ҳисоблашиши, қадриятларингизни қадрлашида. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидламоқчимиз, ўзингиз ҳуқуқларингиз, ҳурматингизни билмасангиз, иккинчи томон уларни сиз учун яратиб бера олмайди.

3. Борингизча қабул қиладими? Нуқул бунақа кийинма, юрганда тўғри юр, дея ўзгаришингизни талаб қилаверса, билингки, у сиздан кимнидир ясамоқчи.

4. Муштарак орзулар, режалар борми? Йигит киши бугун дил изҳори қилган қизга эртага менга турмушга чиқ, дея таклиф билдирмаслиги табиий. Аммо ўз мақсадлари, келажак ҳақида ўй-хаёллари билан ўртоқлашиши мумкин.

5. Муносабатларингиз сизга нима бераяпти? Бахтиёрлик ҳисси, хурсандчилик, ўзаро уйғунликми ё фақат йиғи-сиғию азобми? Эсда тутинг, муҳаббат бахт сўзи билан муштарак!

Ҳеч бир психолог кимдир сизни севиш-севмаслигини аниқ айтибберолмайди. Чунки гоҳида инсоннинг ўзи яхши кўриш-кўрмаслигини англай олмайди. Ҳаракталарини кузатинг, йигит сизни Мажнундек телба бўлиб севса-да, сиз уни яхши кўрасизми, у билан мустаҳкам муносабат қура оласизми, ўзингизни унинг ёнида бахтли ҳис этасизми, қўрқувингиз йўқми — шуларни мулоҳаза қилинг. Ана ундан кейин «Севадими-йўқми?» деган саволингизнинг жавоби топилса, ажабмас.

ДУГОНАНГИЗ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1