1

"Равзатус-сафо". Нодир қўлёзма Россияда ўзбек олимларига кўрсатилади

МАДАНИЯТ 03.06.2018, 22:20
"Равзатус-сафо". Нодир қўлёзма Россияда ўзбек олимларига кўрсатилади

Шарқ халқларини тарихини ўрганиш, тадқиқ этишда Табарий, Наршахий, Байҳақий, Жувайний, Шарафиддин Али Яздий, Низомиддин Шомий, Ибн Арабшоҳ, Абдураззоқ Самарқандий сингари олим ва мутафаккирлар яратиб қолдирган дурдоналар катта аҳамият касб этади. Ана шундай бебаҳо тарихий асарлардан бири “Равзатус-сафо” асаридир.

Асарнинг илк муаллифи Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ибн Камолуддин Махмуд ал-Балхий — Мирхонд (1433-1498) ўрта аср тарих фанининг кўзга кўринган намояндаларидан биридир. Мирхонднинг отаси Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ҳам замонасининг билимдон кишиларидан бўлиб, Темурийлар ҳукмронлиги даврида Бухородан Балхга келиб қолган.

Мирхонд 1433 йили Балхда туғилган бўлса-да, умрининг деярли кўп қисмини Ҳиротда ўтказди. Унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида набираси Ҳондамир «Хулосат ул-ахбор» китобида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, Ҳазрат Навоий Мирхондга жуда катта моддий ва маънавий ёрдам кўрсатган, ўзининг «Ихлосия» хонақосидан бир ҳужра ажратиб берган ва ундан бир тарихий асар ёзиб беришни илтимос қилган. Мирхонд бу асарни қисқа вақт ичида ёзиб тамомлаган. 1497 йилнинг баҳорида оғир касалликка чалиниб, 1498 йилда оламдан ўтган. Асарни унинг набираси Хондамир давом эттирган.

alt

Бу асарнинг номи «Равзат ус-сафо фи сийрат ул-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо» («Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи») бўлиб, ундан дунёнинг яратилишидан то 1523 йилга қадар Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий воқеалар кенг баён этилган. «Равзат ус-сафо» муқаддима, 7 та жилд, хотима ва жуғрофий қўшимчадан ташкил топган.

Асар рангин ва жозибали тилда, содда ва равон услубда ёзилган бўлиб, илк саҳифаларданоқ ўқувчининг эътиборини ўзига тортиб олади. У жуда кўп ибратли, таъсирли, қизиқарли воқеаларни ўз ичига олади. Асар тили ва услубига кўра, ўз даврининг бебаҳо адабий ёдгорлиги ҳисобланади.

Мазкур бебаҳо асарнинг парчалари француз, лотин, швед, немис ва бошқа бир қатор тилларга таржима қилинган. Узоқ вақт давомида ушбу асар европаликлар учун Шарқ тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб ҳисобланган.

Асарнинг нодир қўлёзмаларидан бири Санкт-Петербургда, D-203 рақами остида Россия Фанлар академиясининг шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда. 1608 йилда кўчирилган, 233 варақдан иборат бу қўлёзманинг айрим саҳифаларига олтин суви югуртирилган. Мазкур китобда Тоҳирийлар давридан то Амир Темурнинг давлат тепасига келишига қадар бўлган воқеалар (820-1370 йй.) битилган.

6-8 июнь кунлари Санкт-Петербургда ўтадиган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулофотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси иштирокчилари анжуман доирасида ушбу нодир қўлёзмани ҳам ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1