1

Самога сочилган юлдузлар. Улар ҳамон ёдимизда!

СПОРТ 11.08.2014, 11:07
Самога сочилган юлдузлар. Улар ҳамон ёдимизда!

... Бу қаҳрамонларимиз балки жаҳон футболида катта ўрин тутмаслар. Аммо ҳар бир ўзбек ишқибози уларни қалбининг тўрида сақлайди, уларни қумсаб яшайди. 35 йил бўлибди...

Ўша машъум воқеада биздан 17 киши қурбон бўлган эди. 11 август 1979 йил, соат 13 дан 35 дақиқа 38 сония ўтган, Тошкент – Гурьев – Донецк – Минск рейси, №65816 рақамли борт, Челябинск – Кишинев рейси, №65735 рақамли борт, учуш баландлиги – 8400 м, умумий пассажирлар сони – 178 та, улардан 17 таси «Пахтакор» клуби вакиллари эди...

СЕРГЕЙ ПОКАТИЛОВ

Сергей асли ашхободлик бўлиб, маҳаллий «Строитель» жамоасида беш йил тажриба тўплаганди. 1973 йилда олий лигага қайтган «Пахтакор» ушбу дарвозабонни ўз таркибига жалб қилади. Мураббийлик соҳасига ўтган машҳур дарвозабон Юрий Пшеничниковга ворис ўлароқ қабул қилишади ва Сергей бу ишончларни оқлайди.

Дарвозабон 1975 йилда оғир жароҳат олади. Аммо унинг иродаси ва қатъийлиги орқага чекинишга йўл қўймайди ва орадан уч йил ўтиб, 1978 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасидан бошлаб асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олади.

ЮРИЙ ЗАГУМЕННИХ

«Пахтакор»даги фаолиятидан олдин Юра жудаям оғир жароҳат олганди. Муолажа столига ётган футболчини шифокорлар зўрға хаётини сақлаб қолишади. Аммо бу хаёт ногиронлик тамғаси остида ўтиши кераклиги қатъий талаб қилинади ва унга пенсия тайинланади. Футболчининг ақл бовар қилмас иродаси натижасида у катта футболга қайтади.

Юрий Загуменних мисолида биз ҳақиқий эркакча ирода, ҳар қандай ишга бўлган муносабат ва садоқатнинг тимсолини кўришимиз мумкин.

ВЛАДИМИР МАКАРОВ

13 ёшидан бошлаб Душанбеда футбол ўйнай бошлади, кейин эса «Энергетик» сафида майдонга тушди. Анча тажриба тўплагач Одессанинг «Чернаморец» жамоаси сафидан жой олди. Ҳатто ярим ҳимоячи бўлишига қарамасдан, 1976 йилда 13 гол билан жамоанинг мавсумдаги тўпурари ҳам бўлганди.

Макаров «Пахтакор»га ҳар жиҳатдан мос келганди, у жамоавий футболчи эди ва бу жамоадошлари билан тезда тил топишида ва жамоанинг ажралмас бўлаги бўлиб қолишида муҳим аҳамият касб этганди.

ОЛИМ АШИРОВ

«Пахтакор»га 17 ёшида келганди ва ҳимоя марказидан жой олганди. Ҳимоячи бўлишига қарамасдан, у ҳужумга ҳам тез-тез қўшилар, бир нечта муҳим голлар муаллифига айланганди. Унинг ЦСКА ва «Динамо» (Минск) каби жамоалари дарвозасига киритган ҳал қилувчи голлари кўпчиликнинг эсидан чиқмаган бўлса керак.

Марказий ҳимоячи сифатида ҳам жуда ишончли ўйнарди, жамоа тарихидаги энг яхшилардан бири дейишимиз мумкин.

НИКОЛАЙ КУЛИКОВ

Футболдаги илк қадамларини Москвада қўйганди, 1974 йилда эса Ўзбекистонга келиб «Хонқа», «Янгиер» каби жамоаларда ўзини кўрсатди. 1977 йилда «Пахтакор»га таклиф қилинди ва ҳимоячи сифатида жамоанинг олий лигага қайтишида ўз улушини қўшди.

Ўша мавсумда Ленинградда (Санкт Питербург) маҳаллий «Динамо» жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини киритганди.

РАВИЛ АГИШЕВ

Футболчи сифатида Бухорода тарбия топган, 16 ёшида эса «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга туша бошлади. 1978 йилдан бошлаб эса асосий таркиб ўйинларида майдонга туша бошлади. «Пахтакор» таркибидаги ягона голини эса Ростовда СКА клубига қарши ўйинда киритганди, ўшанда тошкентликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонгандилар.

ШУҲРАТ ЭШБЎТАЕВ

1978 йилги ўринбосарлар таркибидаги сермаҳсул ўйинлари орқали мураббийлар назарига тушганди. Асосий таркибда ҳам йўқолиб қолмади, асосан захирадан майдонга тушганлигига қарамасдан учта гол муаллифига айланганди. Ҳар учала голини сафардаги ўйинларда киритган ва ҳали ўзбек мухлисларини олқишларига сазовор бўлиб улгурмаганди.

Яхшигина техникага ва шижоатга эга бўлган футболчи ўзбек футболининг келажаги деб эътироф этилаётганди.

ВЛАДИМИР СОБИРОВ

Уни ўша пайтларда Хоразмнинг «Хонқа» жамоасининг бош мураббийи Сергей Доценко тавсия қилганди. «Пахтакор»да ҳам у йўқолиб қолмади, аста секин асосий таркибга кириб бораётган эди.

Унинг ўғли Олег Собиров ҳам футболчи бўлиб етишди ва олий лигадаги бир нечта жамоаларда, шунингдек Қозоғистонда ўйнади. Ҳатто мамлакат Олимпия терма жамоасига ҳам жалб қилинганди.

СИРОЖИДДИН БОЗОРОВ

Самарқандлик бу футболчи «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга тушарди. Ўринбосарлар таркиби бир кун олдин Минскка учиб кетиб улгурганди. Унинг ишончи ўйинлари эвазига мураббийлар асосий таркибда синаб кўришни мақсад қилгандилар ва ўша куни биринчи марта асосий таркиб билан бирга самолётга ўтирганди.

Минскда ўз дебютини кутаётган ёш футболчининг хаяжони ва қалбидаги қувончини тасаввур қилиш осон ва... ва аламли. Тақдир экан.

ВИКТОР ЧУРКИН

1976 йилда таркибга қўшилган ва асосий таркибнинг барқарор ўйинчиларидан бирига айланди. Чунки у бунгача олий лига баҳсларида тажриба тўплаб улгурган ва ҳатто СКА (Ростов) таркибида мамлакат кубоги финалида майдонга тушганди.

Юқори техникага эга эди, жамоавий комбинацияларда ҳам фаол қатнашар, йўқ жойдан вазият яратиш ва уни голга айлантиришга уста эди. Фёдоров, Ан каби фтуболчилар орасида ҳам йўқолиб қолмаганди, ҳали жуда кўп голлар киритишга қодир эди.

КОНСТАНТИН БАКАНОВ

«Пахтакор»даги илк ўйинини 1972 йилда, 18 ёшида ўтказганди. Истеъдодли футболчи, футбол мактабида унинг илк устози «Пахтакор»нинг 60-йиллардаги ҳимоячиси Акмал Азизхўжаев ҳисобланади.

АЛЕКСАНДР КОРЧЕНОВ

Жамоанинг етакчиларидан бири, қийин вазиятларда ўзида куч топиш ва жамоани олдинга бошлаш қобилиятига эга эди. У «Пахтакор» таркибида 200 га яқин ўйинларда майдонга тушди ва мухлисларнинг севимли футболчисига айланганди.

Юқори тезлик соҳиби ва қанотлардан жарима майдонига тўпни аниқ ва хавфли тарзда етказиб бериш қобилияти билан ном қозонганди. «Пахтакор» га садоқатли эди.

МИХАИЛ АН

Нафақат «Пахтакор», бутун мамлакатда тан олинган, ном қозонган футболчи эди. Тошкент вилоятининг Свердлов жамоа хўжалиги болалар футбол жамоасида футболни бошлаганди. «Пахтакор» таркибига эса 1971 йилда қўшилган.

Унинг майдонни кўра олиши, стандарт вазиятларни аъло даражада амалга ошириши ва энг асосийси майдонда ақл билан тўп суриши барчани ўзига жалб қиларди ва уни «Профессор» деб ҳам аташарди.

У Собиқ Иттифоқ ёшлар терма жамоасига ҳам жалб этилган ва жамоа сардори этиб сайланганди. Жамоа Европа чемпиони бўлганда, кубок айнан Михаил Аннинг қўлига топширилганди. Уни жуда кўп жамоалар ўз таркибида кўришни хоҳлаган, аммо Михаил Тошкентдан ҳеч қаерга кетмаган..

ВЛАДИМИР ФЁДОРОВ

Унинг футбол йўли Ан билан бирга бошланган. Кейин эса Титов номидаги футбол мактабида таҳсил олди, ўсмирлар терма жамоасига жалб қилинди. У ҳам 1976 йилда Европа чемпиони бўлган ёшлар терма жамоаси таркибида майдонга утшганди ва Ан билан биргаликда жамоа етакчиси эди. Жуда кўп муҳим голларни киритганди, матбуот ва мухлислар томонидан юксак олқишга сазовор бўлганди.

У «Пахтакор»да ўйнаган ўйинчилар орасида энг кўп терма жамоага жалб қилинган футболчи эди. Тошкентликлар 1-лигага тушиб кетганларида ҳам, Лобановский уни термага чақиришни тўхтатмаганди. Ҳатто 1976 йилда у 1-лигада ўйнаб туриб ҳам, мамлакатнинг энг яхши 33 футболчиси руйхатига киритилганди.

У 24 ёшидаёқ жуда кўп нарсага эришган, барча тарафидан тан олинган футболчи эди. У яна жуда кўп совринларни қўлга киритиши мумкин эди, аммо...

ИДГАЙ ТАЗЕТДИНОВ

«Пахтакор» ташкил қилинган йиллардан бошлаб жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлган, 1960 йилда олий лигага чиққанда эса ҳатто жамоа сардори эди. У барқарор, масуълиятли ўйнарди, ҳар жиҳатдан «метр» таърифига тўғри келарди.

Футболчиликни тугатгач, мураббийлик соҳасида ишлай бошлади ва нимадир уни «Пахтакор»га доим тортарди. У жамоага қайтди ва иккинчи мураббий сифатида ишлай бошлади. Ўша «нимадир» уни орамиздан олиб кетди. Аммо қалбимиздан эмас.

Шунингдек жамоа администратори Мансур Толибжонов ва врач Владимир Чумаковлар ўша мудҳиш авиаҳалокат қурбонига айлангандилар.

Ёш авлод учун юқорида ёзилган сатрлар балки анча оддий туюлар, жалб ҳам этмас. Лекин аниқ биламанки, ўша жамоанинг ўйинини кўриш бахтига муаяссар бўлган мухлисга бошқача таъсир қилади. Бунақалар жуда кўп. Айнан мана шу жамоа туфайли футболга ошно тутинган ва ҳалигача «Пахтакор» деганда юраги хапқирадиган, ундан воз кеча олмайдиганлар исталганча топилади. Сканворд ечиб ўтириб, АН ёзувига кўзи тушганда, томоғига бир нарса тиқиладиганлар кўпчилик. Корченов, Собиров, Бакановларнинг ўғиллари катта бўлиб, футбол майдонларида пайдо бўлгач, уларга чин дилдан мухлислик қилган ва кўзларидан оталарининг нигоҳини излаганлар жуда кўп. Улар мақолани ўқишгани ҳам йўқ. Улар исмларни ўқишди холос, уёғига қалбларида ўзларининг мақолалари ёзила бошланди. Дард билан ёзилган мақола. Қоғозга тушириб бўлмайдиган мақола.

Таниқли адиб Ўткир Хошимов айтанди: «Ҳақиқий асарнинг ўз мусиқаси бўлади. Айнан ўша мусиқа ўқувчини ўзига жалб қилади, асар ўқилиш жараёнида элас-элас чалиниб туради»

Бу тўғри гап бўлса керак. Мана шу исмларда ҳам қандайдир мусиқа бор. «Пахтакор-79» мусиқаси, футбол мусиқаси, мухлислар дарди...

1979 йил. 11 август. Айнан мана шу куни футбол Ўзбекистонда янада юқорироқ босқичга кўтарилган, деб биламан. «Йигирма икки тентак бир тўп орқасидан югуриб югуришини» томоша қилаётган эрини тушунмай елка қисадиган аёл ўша куни мана шу футбол туфайли унинг йиғлаётганлигини кўрди. Футбол мухлислар учун нима эканлигини қайсидир маънода хис қилди.

Катталар айтиб беришади кўпинча, ўша воқеадан кейин янги тузилган «Пахтакор» Тошкентда илк учрашувни «Динамо» (Тбилиси)га қарши ўтказган экан. Ўша ўйин олдидан суҳандон ҳалок бўлган таркибни бирма-бир ўқиган ва ҳар бирининг исми айтилганда, унинг рақамидаги футболчи майдонга тушиб келган экан. Ўзини зўрға тутиб турган суҳандон Фёдоровнинг исмини ўқиётиб чидай олмаган, уввос солиб йиғлаб юборган. Бутун стадион унга жўр бўлган. Ҳамма йиғлаган. Ҳамма. Улар бунга арзирдилар. Ҳаммалари...

Таниқли футбол статистиги Владимир Сафаров ёзади:

«Кўпинча эшитиб қоламан, ўша пахтакорчиларни «қандай яхши эдилар», «одобли», «тартибли», дейишади. Йўқ. Уларни идеаллаштириш керак эмас. Эсимда Фёдоровни «Заря»га қарши ўйинда майдондан четлатишганди. Умуман Володяни бошқаришнинг ўзи қийин эди. Ан ҳам, Корченов ҳам қизил карточкалар олган ўз вақтида. Аммо айнан мана шу футболга ҳос ҳаракатлар, майли тўғри бўлмаса ҳам, бизларга уларни оддий хатокор инсон сифатида кўпроқ яқинлаштирарди. Биз уларни қандай бўлишса шу ҳолича яхши кўрардик»

Йиллар ўтди. Биз ҳар йили уларни хотирлаймиз. Турнирлар ўтказамиз, тадбирлар уюштирамиз. Биз уларни яхши кўрамиз, деймиз, йиғлаймиз. Шу орқали уларнинг хотираси олдида ўзимизни оқлагандек бўламиз. Аммо...

Хотира бунақа бўлмаслиги керак аслида. Айтайлик, инсон ўз ота-онасига муносиб фарзанд бўлиш учун нима қилиши керак? Кўчага чиқиб, ҳаммага уларни яхши кўришини айтиши, вафот этганда ҳаммадан баланд йиғлаши керакми? Йўқ. Қачонки, фарзанд ўзининг аҳлоқи билан, ҳалоллиги билан ном қозонса ўша ота-онасига рахмат олиб беради ва бурчини бажарган ҳисобланади. Бу ҳамма биладиган оддий ҳақиқат.

Хўш, ўша пахтакорчиларнинг мақсадлари нима эди? Ўзбек футболини юқорига кўтариш. Биз уларнинг бу мақсадини бажариш йўлида виждонан ҳаракат қилиш орқалигина хотирани мукаммал равишда адо этган бўламиз.

«Манчестер Юнайтед» ҳам шу фалокатни бир вақтлар бошидан кечирган. Улар ўша авлодларини қанчалик эслашади, қанақа тадбирларни амага оширишади, булар бизга қоронғу. Аммо «МЮ» буюк клуб бўлишда давом этади ва уларга қизиққан мухлис «МЮ» тарихига ўз-ўзидан қизиқа бошлайди.

Нима демоқчимиз? Ўзбек футболини ривожлантирайлик, янги босқичларга кўтарайлик, токи биров «Пахтакор-79» орқали ҳозирги ўзбек футболини қидириб ахтармасин, ҳозирги «Пахтакор» ёки ўзбек футболи туфайли «Пахтакор-79»ни қадрласин. Ўша 1979 йилдан бери ҳақиқий футболни қумсаётган кўзларга яна қувонч ёшларини қайтарайлик.

Манба: Uff.uz

"Даракчи" газетамизнинг 29 сонида марҳум футболчимиз Сирожиддин Бозоров ҳақида синглиси Насиба Бозорова билан ўтказилган суҳбатни ўтказиб юборманг!  

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1