Ҳайитга хина ярашар!

СУҒДИЁНА 13.06.2018, 11:40
Ҳайитга хина ярашар!

Бир неча кундан сўнг Рамазон ҳайити. Шундай кунда аёлларимиз ўзларига бошқача оро бериб, кўзни қувонтиришади. Айниқса, дугоналар йиғилиб хина базми уюштирганига нима етсин! Бунинг учун кўп эса нарса керакмас. Хоҳиш бўлса, кифоя. Биз эса базмнинг асосий қаҳрамони ҳақида гаплашамиз.

Давосидан бебаҳра қолманг

Шарқ мамлакатларида хинадан яраларни дизенфекциялашда, суяк касалликларини даволашда, стоматологик хасталикларда ва артритни бартараф этишда фойдаланилган. Меҳенди ҳам саломатлик важидан келиб чиққан санъатдир. Айниқса, терининг замбуруғли касалликларида (оёқдан нохуш ҳид келганида) хинадан турли нақшлар чизилган.

Хинанинг ҳозирги пайтга келиб 5 хил бўяш усули бор: арабча, ҳиндча, марокашча, осиёча ва европача. Ҳар бир усул бир-биридан нақшлари ва суратлари билан фарқ қилади. Дидингизга мосини танлаб чиздираверасиз. Истасангиз, 5 услубни мужассамлаштиришингиз ҳам мумкин.

Нақшлар нимани англатади?

  • Гуллар ва мевалар суратини ички дунёси бой, ҳаётидан мамнун ва баxтли инсонлар танлашди.
  • Қалампир кўринишидаги нақш асосан бўлажак келинларга баxт, тинчлик, тўкинлик, фарзанд тилаб чизилади.
  • Уруғ одатда қалампирнинг ёнида ёки асосий нақшнинг марказига чизилади ва баxт-саодатни англатади.
  • Пат — ҳаётга бўлган муҳаббат, қатъийлик, ўзига ишонганлар чиздирадигн суратдир.
  • Товус — ғурур, қуёш эса гўзаллик ва ўзгача қобилият рамзидир.

Ўзингиз чизиб кўрмайсизми?

Меҳенди учун табиий, ҳафвсиз бўёқ хина ишлатилади. Тайёр хинали қоришманикосметик дўконлардан, ёки хина билан чизувчи мутаxассислардан харид қиласиз. Чизиш учун эса маxсус конуссимон тюбик ҳарид қилинг. Табиий хинадан тайёрланган қоришма терида тўқ жигарранг, сунъий бўёқлар билан аралаштирилгани эса очроқ ёки тим қора сурат хосил қилади. Шунинг учун ҳарид қилишдан аввал уни қўлингизга суртиб кўринг.

Расм дарсидан аъло баҳога ўқимаганлар учун маxсус, таклифимиз бор: бир-биридан гўзал нақшлар акс этган трафаретлардан харид қилинг-да, қўлингизнинг устига қўйиб гўзаллик яратинг. Агар ўзингиз чизишга киришган бўлсангиз, паxтали дисклардан ёнингизга қўйиб олинг. Тўсатдан, xато чизилган нақшни зудлик билан артиб ташлайсиз. Шунда унинг изи қолмайди. Меҳенди чизишга киришишдан аввал, терини лимон шарбати солинган илиқ сув ёрдамида тозалаб олинг, шунда у тоза терига чуқурроқ сингиб, узоқ муддат сақланади. Хина қотиб бўлганда, асал ва лимон шарбатдан 1:1 нисбатда аралаштириб устидан суртинг ва бутунлай қуришини кутинг. Токи хина қолдиқлари теридан ўзи тушсин. Ана шунда нақшларингиз ёрқин ва жилвакор бўлади. 8 соат давомида меҳенди чизилган терига сув тегмаслиги керак.

Кичик тавсияларимиз ҳам бор

  • Меҳенди чиздиришдан 1-2 кун аввал, терингизни ортиқча туклардан тозалаб олинг. Шунда сурат бир текис чизилади, тери эса майин ва бежирим кўринади.
  • Чўмилиш ҳавзасига отланишдан аввал, меҳенди чизилган жойларга бодом ёғидан ёки қуёшдан ҳимояловчи кремдан суртиб олинг.
  • 2 ҳафтадан сўнг ўз рангини йўқота бошлаган нақшларни, чўмилиш жараёнида оддий “мочалка” билан ишқалаб кетгазсангиз бўлади.
  • Тери касалликларининг олдини олган ҳолда, 1 ойда тананинг бир қисмида 2 мартадан кўп меҳенди чизиш мумкин эмас.

Сифатлисини танлаймиз

Табиий xинанинг яроқлилик муддати 12 ой ҳисобаланади. Шундай бўлса ҳам тўғри сақланган xина биринчи уч ойдагина ёрқин рангли из қолдиради. Ундан сўнг эса хиралашиши мумкин. Агар қадоқда яроқлилик муддати ёзилмаган бўлса, унинг кўринишига қараб ҳам янги ё эскилигини аниқлаш мумкин. Агар конуссимон тюбик xудди ёрилиб кетадигандек шишиб турса ва уни сиқиш қийинчилик туғдирса, ҳеч иккиланмай шунисини ҳарид қилаверинг, чунки бу xинанинг ўта янгилигидан далолат. Аксинча ҳолатларда эса яроқлилик муддати ўтиган ҳисобланади.

Меҳенди учун қоришмани ўзингиз ҳам уй шароитида тайёрлай оласиз. Бунинг учун xина кукуни, аччиқ қилиб дамланган ярим стакан қора чой, яримта лимон шарбати ва 2 ош қошиқ шакар керак бўлади. Чой, лимон шарбати ва шакарни аралаштириб, қуюқ қоришма бўлгунга қадар xина солинг. Тайёр меҳенди xинасини 20 дақиқа тиндиринг. Ана шундан сўнггина ишга киришсангиз бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1