1

Марғилонда касаначилик дурдоналари намойиш этиладиган янги галерея очилди

ЖАМИЯТ 15.06.2018, 16:35
Марғилонда касаначилик дурдоналари намойиш этиладиган янги галерея очилди

Марғилон шаҳрида Республика ипакчилик ва касаначиликни ривожлантириш маркази ва галереяси ташкил этилди.

Ўзбекистон халқ амалий санъати ва ҳунармандликнинг энг қадимий турлари, анъаналари, ўзига хос услуб ва мактаблари сақланиб қолган мамлакат сифатида жаҳон миқёсида алоҳида ўринга эга. Амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳунармандлик соҳасида ривожланиш, тараққиёт йўлидан бориш имкониятини кенгайтирмоқда. Ҳунармандларнинг эркин фаолият юритиши учун кўплаб имтиёзлар берилди. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, "Устоз-шогирд" анъанаси асосида ёш авлодга ўргатилаётир.

Фарғона вилоятида ҳам ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Вилоятда 1 минг 300 дан зиёд ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон туманида ҳунармандчилик борасида ўзига хос мактаб яратилган. Республика ипакчилик ва касаначиликни ривожлантириш маркази ва галереяси ташкил қилингани ҳунармандчиликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

– Марказда ипакчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳунарманд ва касаначиларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар, ногиронларни иш билан таъминлаш, битирувчи ёш ҳунармандлар тадбиркорлигига кўмаклашиш, маҳаллий хомашёдан экспортбоп матолар ишлаб чиқариш асосларини ўргатиш ишлари олиб борилади, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Айни пайтда бу ерда 7 устахона фаолият кўрсатмоқда. Миллий ҳунармандчилик галереяси ва ҳунармандчилик ўқув маркази ҳам ташкил этилган.

Марғилон, Фарғона шаҳарлари, Тошлоқ ва Риштон туманларидан 400 нафар хотин-қиз ва ёшлар турли ҳунар сирларини қунт билан ўрганмоқда. Жорий йилда марказ томонидан 14,5 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Қадим шаҳарларимиз кўрки, юртимиз табиатига ҳамоҳанг яратилаётган ҳунармандчилик намуналари сайёҳлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Албатта, мазкур марказ ҳам миллий ҳунармандчиликни кенг тарғиб этишда алоҳида ўрин эгаллайди. Марғилонга ташриф буюрган меҳмон ва сайёҳлар устахоналарда бўлиб, маҳсулотлар яратилишига гувоҳ бўлади, харид қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1