1

Фарғонада мактаб ўқувчиси жиноятга қўл урди

ЖИНОЯТ 22.06.2018, 10:46
Фарғонада мактаб ўқувчиси жиноятга қўл урди

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирларга қарамай, вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этиш ҳоллари ҳамон учрамоқда.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан 13-умумтаълим мактабида ўтказилган сайёр суд мажлисида мазкур мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шоҳжаҳон Шаҳобовнинг жиноят иши кўриб чиқилди, деб ёзмоқда ЎзА.

Ишдаги аниқланган ҳолатларга кўра, Ш.Шахобов 2018 йил 12 февраль куни соат 20:30ларда Фарғона шаҳар М.Ғолиб кўчаси 26-уй рўпарасида таниши Ғ.Ғуломов билан учрашган вақтда Ғ.Ғуломов унга икки йил аввал ўрталарида бўлиб ўтган оғзаки тортишувни эслатиб, урушишни таклиф қилиб, қўли билан юз қисмига урмоқчи бўлганида Ш.Шахобов ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ғ.Ғуломовни чап кўкрак соҳасига уриб, тан жароҳати етказган.

Ўтказилган судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, Ғ.Ғуломовда шикастдан ва қон кетишдан кейинги карахтлик билан асоратланган, бу тан жароҳати оғирлик даражаси хаёт учун хавфли бўлган оғир шикастлар тоифасига киришлиги аниқланган.

– Кўчат ниҳоллигида эгилади, бола ёшлигидан тарбияланади, деган нақл бор, – дейди Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди раиси Ш. Ҳашимов. – Афсуски, баъзида вояга етмаганларни тарбиясига жиддий эътибор берилмаётганлиги натижасида турли жиноятлар содир этилмоқда. Мазкур жиноят ишида ҳам судланувчининг ота-онаси, мактаб раҳбарияти масъулиятсизликка йўл қўйган. Вояга етмаган Ш. Шахобовга жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлигини ва пушаймонлиги ҳисобга олинди.

Судланувчи Ш.Шахобов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг 104-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан Жиноят Кодекси 84-моддаси 1-қисми тартибида 6 ой муддатга сутканинг соат 20:00 дан соат 06:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мутахассислар ота-онанинг фарзанд ахлоқидаги салбий ўзгаришлар, унинг феъл-атвори, таълим-тарбиясига эътиборсиз бўлиши бола келажаги учун жиддий хавф туғдирувчи асосий омил эканини таъкидлайди. Шундай экан, уларнинг тарбиясига бефарқ бўлиш, назоратсиз қолдириш мумкин эмас. Мактаб ўқувчисининг мана бундай жиноятга қўл уриши эса Фарғона шаҳар таълим мутасаддиларини янада огоҳ бўлишга ундаса, ажаб эмас.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1