4 сентябрь куни Уэльснинг Ньюпорт шаҳридаги Celtic Manor комплексида НАТО Саммити расман очилади.
Тадбир бошланишида Шимолий атлантик альянси бош котиби Андерс Фог Расмуссен баёнот беради ва Британия бош вазири Дэвид Кэмерон билан учрашувга ташриф буюрган чет эл вакилларини кутиб олади.
Саммит расман маҳаллий вақт билан 13:00да (Тошкент вақти билан 17:00да) Афғонистон масаласи бўйича учрашув билан бошланади. Ушбу учрашувда НАТО ва 27 та мамлакат вакиллари иштирок этиши режалаштирилган. Улар қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади. Саммитда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов қатнашади.
“ИТАР-ТАСС” агентлигининг ёзишича, Афғонистондан халқаро харбий кучлари олиб чиқиб кетилаётганлиги сабабли альянс ва Кобул муносабатлари истиқболлари ҳамда ташкилотнинг кейинги ҳаракатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, Афғонистон миллий хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш таклиф этилиши кутилмоқда.
Иккинчи йиғилиш 4 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 16:45 да бошланади. Ушбу учрашув Украина ҳақида бўлиб ўтади.
Хабарда ёзилишича, йиғилишга Украина президенти Пётр Порошенко таклиф этилган.
Кун охирида эса давлат раҳбарлари кечки дастурхон атрофида “Ислом давлати” гуруҳи фаолият олиб бораётган Ироқ ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилишади.
5 сентябрь, Саммитнинг сўнгги куни 28 та мамлакат вакиллари альянснинг икки йиғилишини ўтказишади. Шундан сўнг, Расмуссен Саммитни якунловчи матбуот анжуманида иштирок этади.
Саммит иштирокчилари йиғилишига катта эътибор қаратилган. Йилиғиш бўлиб ўтадиган Celtic Manor комплекси 13,5 км узунликдаги тўсиқ билан ўралган. Хавфсизликни таъминлаш учун 10 мингга яқин полиция ходими жалб қилинган. Улар 185 нафар олий мартабали шахслар ва 4 минг нафар делегация аъзолари хавфсизлигига жавоб беришади.