ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл компаниялари раҳбарларининг I учрашуви бўлиб ўтди

СИЁСАТ 19.09.2018, 16:27
ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл компаниялари раҳбарларининг I учрашуви бўлиб ўтди

2018 йил 19 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувидаги ташаббуси билан ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари маъмурияти раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари – Ҳиндистон Республикаси Темир йўллар вазирлигининг Темир йўллар кенгаши аъзоси Гириш Пиллай, Қозоғистон Республикаси “Темир йўллар” Миллий компанияси бошқаруви раиси Канат Алписбаев, Қирғизистон Республикаси “Темир йўллари” Миллий компанияси давлат корхонаси бош директори ўринбосари Руслан Бектемиров, Хитой Халқ Республикаси темир йўллари давлат бошқаруви бошлиғининг ўринбосари Лю Кэцян, Покистон Ислом Республикаси “Покистон темир йўллари” раиси Муҳаммад Жавад Анвар, Россия Федерацияси темир йўллари очиқ акциядорлик жамияти бош директори – бошқарув раиси Олег Белозеров, Тожикистон Республикаси “Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси бошлиғи Комил Мирзоали иштирок этди.

Шунингдек, мажлисда ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь ва Монголия темир йўллари раҳбар ва мутасаддилари, ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкори Озарбайжон Республикаси темир йўллари раиси, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Се Сяоюн қатнашди.

Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳар томонлама стратегик худуддир. Ушбу маскан Буюк Ипак Йўлининг энг муҳим бўғини бўлиб, бугунги кунга келиб, ушбу диёр Шимол ва Евро-Осиё қитъасини боғлайдиган асосий транспорт йўлаги ҳисобланади. Шу боис ташкил этилган халқаро анжуман ҳам ўзига хос рамзий маънога эга.

ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши транспорт-коммуникация комплексининг тараққиётига боғлиқ. Хусусан, темир йўл транспорти давлатлараро товар айрибошлаш, импорт-экспорт ташувлар, айниқса, денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқолмаган ва асосан юкларни қуруқликда ташишга ихтисослашган мамлакатлар учун муҳим ўрин тутади.

Ушбу учрашувда транспорт хизматлари бозорини кенгайтириш, темир йўл соҳаси имкониятларини шакллантириш, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, тариф сиёсати бўйича музокалар олиб борилди. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида янги иқтисодий халқаро коридорларни яратиш, денгиз портларига чиқиш имкониятлари хусусида ҳам сўз юритилди.

Логистик марказлар тизимини яратиш ва ундан кенг фойдаланиш, ШҲТга аъзо давлатлар экспорт ва импорт юкларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш жараёнида кўрсатилаётган хизматларни яхшилаш масалалари кўриб чиқилди. Тадбирда темир йўл транспорти инфратузилмасида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия тизимлари иштирокида янги темир йўл транспорт коридорларини яратиш, юк ташиш имкониятларини оширадиган, муҳими, денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган янги лойиҳаларни ишга тушириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, юртимизда мавжуд темир йўлнинг умумий узунлиги 7000 километрдан ортиқни ташкил этади. Юкларнинг 60% темир йўл транспортида ташилади. Мустақиллик йилларида 2500 километр темир йўл қурилди, 2600 километрдан ортиқ темир йўл электрлаштирилди. 30 дан ортиқ вокзаллар замон талбалари даражасида қурилди ва реконструкция қилинди.

Хусусан, умумий узунлиги 341 километр бўлган “Навои-Учкудук-Султанувайстоғ-Нукус”, узунлиги 223 километрни ташкил қиладиган “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон”, 19,2 километр Қамчиқ туннелини ўз ичига олган узунлиги 123,1 километрни ташкил этувчи Ангрен–Поп лойиҳаларининг ҳаётга тадбиқ этилиши ушбу худудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Амалга оширилган бундай бунёдкорликлар натижасида мамлакатимизда ягона темир йўл тизими яратилди. Марказий Осиёда ягона бўлган юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поезди дастлаб Тошкентдан Самаркандгача қатновни амалга оширган бўлса, эндиликда Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларигача хизмат кўрсатмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига Хитой ва Россия давлатлари билан ҳамкорлик натижасида 44 юк ташувчи электровоз, 215 та тезюрар электровоз ва 10 дона йўловчи ташишга мўлжалланган тепловоз сотиб олинган. Тадбир давомида иштирокчи давлат вакилларига шулар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Жорий йилда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ўзбекистон ҳудуди орқали айрим юкларни ташиш учун Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия Федерацияси учун турли имтиёзлар ва преференциялар тақдим қилди.

20-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган халқаро конференция якунида соҳага оид ҳужжатлар имзоланади. Мазкур ҳужжатлар транспорт инфраструктурасининг ривожланишини ижобий шаклланишига, йўл қурилиши ва транспорт-логистик марказлар яратилишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1