Туркияда жиноят учун қидирувда бўлган уч ўзбекистонлик Ўзбекистонга депортация қилинди, деб хабар бермоқда Бош консулхона ахборот хизмати.
Келтирилишича, Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган комплекс тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган М.Ш. Ўзбекистонга депортация қилинди.
Ушбу шахснинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ички ишлар вазирлигига ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилиш сўралган.
Шу билан бир қаторда, солиқ ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаган ва божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган 2 нафар шахс (Х.Баротов ва С.Холов) ҳам қўлга олиниб, Ўзбекистон тергов органларига топширилди.