АсосийСиёсат

Президент ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги йўллади

Давлат раҳбари соҳа вакилларига мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, янги ютуқлар ва оилавий бахт тилади.

'Президент ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги йўллади'ning rasmi

Бугун, 30 сентябрь куни давлат раҳбари ўқитувчи ва мураббийларга 1 октябрь устозлар ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

“Сиз, азизларни, ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – навқирон авлод таълим-тарбиясига бағишлаган муҳтарам устоз ва мураббийлар, соҳанинг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман”, — Президент.

Давлат раҳбари мана шундай қувончли кунда сиз, меҳрибон устозларга эл-юртимизнинг юксак ҳурмат-эҳтиромини яна бир бор изҳор этиб, барчангизга Янги Ўзбекистон келажагини яратиш йўлидаги машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун чин қалбдан ташаккур билдирган .

Яқинда сизлар билан бўлиб ўтган очиқ, айтиш мумкинки, тарихий мулоқотимизда таълим-тарбия тизимидаги ишларимизни чуқур таҳлил қилиб, уларни янги босқичга кўтариш бўйича аниқ мақсад ва режаларни белгилаб олдик.

Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта эътибор ва қизиқиш уйғотди. Бу борада биз эришган ютуқлар халқаро аҳамиятга эга бўлган янги ташаббусларни илгари суриш учун асос бўлган.

Хусусан, кейинги саккиз йилда юртимизда таълим ва илм-фан учун харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўмни ташкил этгани, юзлаб янги боғчалар, мактаб, техникум ва олийгоҳлар қурилгани, таълим ва илм даргоҳларини замон талаблари асосида жиҳозлаш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган дастурларимиз алоҳида эътироф этилган.

Бу ҳақда гапирганда, мамлакатимизда қисқа муддатда боғчалар сонини 5200 дан 38 мингтага, қамров даражасини 27 фоиздан 78 фоизга оширганимиз, тарбиячилар маоши мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилгани, ушбу муассасалардаги раҳбар ва педагоглар маоши қарийб 2 баробар оширилганини таъкидлаш лозим.

Келгуси йилдан Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда Президент мактаблари каби “Янги авлод” боғчалари ташкил этилиб, уларда тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади.

Фарзандларга билим ва тарбия беришнинг энг муҳим босқичи – мактаб таълимини ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларда 500 га яқин янги мактаблар барпо этилиб, мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобидан 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди. Хусусий мактабларга йўл очилиши туфайли ота-оналар ва ўқувчилар учун танлаш имконияти пайдо бўлди. Бугунги кунда 200 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз ана шундай мактабларда ўқимоқда.

Янги ўқув йилидан 12 йиллик мактаб таълими ҳамда 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилиниб, уларнинг натижалари бўйича битирувчилар бевосита техникум ва олийгоҳларга кира оладиган тартиб йўлга қўйилади

Ҳаммамизга аёнки, келажак – замонавий билим билан қуролланган касб-ҳунар эгалариникидир. Биз бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Шу боис ёшларимизни давр билан ҳамнафас бўлиб, ҳар қандай рақобатга бардош бера оладиган етук мутахассислар этиб тарбиялашимиз керак.

Шу мақсадда ташкил этилаётган Касбий таълим агентлигидан умидимиз катта. Ушбу агентлик касб таълими соҳасига, мавжуд техникумларга халқаро стандартлар асосида янги ҳаёт нафасини олиб кириши зарур.

Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Буюк Британия, Швейсария, Хитой, Корея Республикаси каби ривожланган мамлакатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг илғор ўқув дастурлари жорий этилади. Жумладан, Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда “БИТЕК” халқаро дастури орқали ёшлар туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори бўлган касбларни эгаллайди.

Мамлакатда дуал таълим билан қамров 5 баробар оширилади. Айни пайтда янги технологияларни ўзлаштириш, чет эллик инвестор ва ҳамкорлар билан эркин мулоқот қилиш учун техникумлардаги хорижий тил соатлари тўрт карра кўпайтирилади.

Умуман, келгуси йилдан янги, рақамли очиқ платформа ишга туширилиб , унда техникум битирувчиларининг касбий кўникмалари ҳақидаги маълумотлар маҳаллий ва хорижий иш берувчилар учун эълон қилинади.

Шу билан бирга, умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилиб, улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш билан шуғулланади.

Барчангизга маълумки, биз кейинги йилларда олий таълим масаласига устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Амалга оширилган ислоҳотларимиз натижасида ўтган саккиз йил ичида олийгоҳларимиз сони 77 тадан 202 тага, талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллионга етди. Ёшлар учун олийгоҳларга киришда танлов имконияти кўпайтирилди. Мазкур таълим муассасаларида дарс берадиган ўқитувчиларнинг ойлиги сезиларли даражада оширилди.

Фаннинг муайян соҳасида тадқиқотлар олиб бориб, аниқ натижага эришаётган олимларимизнинг асосий қисмини профессор-ўқитувчилар ташкил этаётгани айниқса эътиборлидир.

Биз ўқитувчи ва устозлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қарамоқдамиз. Шу боис соҳа ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолади. Жумладан, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.

Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилиши мўлжалланмоқда. Ўқитувчиларнинг замонавий компьютер техникаларини харид қилишлари учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Янги йилдан соҳа ходимлари учун давлат хизматлари тўлови икки карра камайтирилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган бўлғуси педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.

Мухтасар айтганда, ўқитувчи ва мураббийлик касбини жамиятимиздаги энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича бошлаган ишларимиз изчил давом эттирилади.

Юртимиз тарихидаги икки буюк Ренессансни яратган улуғ мутафаккир ва алломаларни ҳам ўз вақтида сиз каби ўқитувчи ва муаллимлар тарбиялаб вояга етказган. Бу эзгу анъаналарнинг давомчилари сифатида сиз, азизлар ҳам бугун жонажон Ватанимизда барпо этилаётган Учинчи Ренессанс бунёдкорларини камол топтиришга муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.

Ана шундай олижаноб мақсад йўлида сизларга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, янги ютуқлар ва оилавий бахт тилайман.

Барчангизга ҳамиша эл-юртимиз, шогирдларингизнинг ҳурмат ва ардоғида бўлиш насиб этсин!

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Умрзоқов Иордания подшоҳи билан нега учрашди?'ning rasmi

    Сиёсат 02.10.2025 14:45

    Умрзоқов Иордания подшоҳи билан нега учрашди?

    Улар айнан қайси мавзуларда келишиб олган?

    'Сардор Умурзоқов Иордания Подшоҳи билан учрашди'ning rasmi

    Сиёсат 01.10.2025 13:57

    Сардор Умурзоқов Иордания Подшоҳи билан учрашди

    Учрашувда Ғазо ва Қуддусдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.

    'Туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари сони қисқариши мумкин'ning rasmi

    Сиёсат 01.10.2025 09:40

    Туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари сони қисқариши мумкин

    Президент фармони лойиҳасида ҳокимликлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги тартиб назарда тутилмоқда.

    'Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди'ning rasmi

    Сиёсат 29.09.2025 17:55

    Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди

    Жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси 94 ёшида вафот этди.

    'БМТ Бош Ассамблеяси: Нетаняху Фаластинни тан олишни "уятли" деб атади'ning rasmi

    Сиёсат 27.09.2025 13:42

    БМТ Бош Ассамблеяси: Нетаняху Фаластинни тан олишни "уятли" деб атади

    У нутқини бошлашдан аввал ўнлаб расмий ва дипломатлар норозилик сифатида хонани тарк этишди.