АсосийJamiyat

Мактабларда электрон журналлар ва кундаликлар жорий қилинади

'Мактабларда электрон журналлар ва кундаликлар жорий қилинади'ning rasmi

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва Россиянинг “Дневник.ру” компанияси умумтаълим мактабларида электрон журналлар ва кундаликларни жорий қилиш бўйича лойиҳани амалга оширади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

KUNDALIK лойиҳаси мактабларда ўзлаштириш ва давомат ҳисобини юритиш тизимини татбиқ қилишни кўзда тутади. Ташаббус давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги доирасида амалга оширилади.

KUNDALIK рақамли таълим платформаси “Дневник.ру”нинг ҳозирда Россия мактабларида татбиқ қилиниб, адаптация қилинган ахборот тизимининг технологик ўзаги негизида ишлаб чиқилади.

Тизим онлайн тартибда дарслар жадвалини тузиш, ўқитувчиларнинг дарслар бўйича режаларини шакллантириш, ўқувчиларнинг давомати ва ўзлаштириши ҳисобини электрон шаклдаги журналлар ва кундаликларда олиб бориш, таълим ташкилотлари ва таълимни бошқариш идораларини статистик ҳисоботни шакллантириш воситалари билан таъминлашга имкон беради.

Тизим ўқувчилар ва ота-оналарга кеча-ю кундуз баҳолар ва уй топшириқларини кўра олиш, самарали мулоқот учун ҳимояланган ижтимоий тармоқ, онлайн-кутубхона ва медиатекадан фойдаланишни таклиф қилади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бобохожаев “Халқ таълими вазирлигининг асосий мақсадларидан бири ўқитувчилар ишлаши учун қулай шароитларни яратиш ҳисобланади. Замонавий технологияларни қўллаб, мактабларда қоғозда ҳисобот юритиш ҳажмини ва бу билан боғлиқ ҳолда ўқитувчиларга тушадиган юкламани қисқартирмоқчимиз. Шу билан бирга таълим жараёнини бошқариш ва ўқувчиларнинг давомати ва ўзлаштириши бўйича восита яратамиз”, деб айтди.

Ўз навбатида “Дневник.ру” раҳбари Гавриил Леви KUNDALIK Ўзбекистон-Россия муносабатларини ривожлантиришдаги муҳим лойиҳалардан бири бўлишига ишончи комиллигини айтган. “Бизнинг ҳамкорлик Ўзбекистонда таълимнинг ривожланишига ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда кўмак беради”, деб таъкидлаб ўтган.


    Бошқа янгиликлар