АсосийJamiyat

Соғлиқни сақлаш вазири барчани спортга жалб этмоқда

'Соғлиқни сақлаш вазири барчани спортга жалб этмоқда'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти оммавий спорт билан фаол шуғулланиб, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда ташаббус кўрсатишмоқда. Машғулотларда вазирлик марказий аппарати ходимлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректор ва проректорлари ҳамда республика даволаш муассасалари бош шифокорлари қатнашди.

Дарҳақиқат, соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан ҳоли, чиройли ва бахтли яшаш омилидир. Энг муҳими миллат генафондига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт, шахсий гигиенага амал қилиш, чиниқиш ҳамда турли зарарли одатлардан воз кечиш ҳал қилувчи рол ўйнайди. Ушбу жиҳатларга риоя қилсак, кўплаб хавфли хасталиклар, жумладан, миокард инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкологик касалликларнинг олдини олган бўламиз. Жисмоний фаол инсоннинг дунёқараши ва фикрлаши ҳам соғлом, меҳнатида эса унум бўлади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. – Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, жумладан, оммавий спортни кенг тарғиб қилиш соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ҳам устувор вазифасидир.

Ушбу йўналишда малакали кадрлар билан етарли даражада таъминлаш, соҳанинг моддий-техник базасини шакллантириш, энг муҳими, спорт тиббиётини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада ҳам вазирлик томонидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 20 сентябрь куни ўтказилган жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишланган йиғилишда аҳолининг барча қатламларини спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш ва бошқа кўплаб долзарб масалаларга эътибор қаратилиб, тегишли идора ва мутасаддилар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

    Бошқа янгиликлар