Жорий йилнинг 16 октябрь куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган “First Saturday GM” халқаро турнирида иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди. Жавоҳир 2017-йил ҳам халқаро шахмат устаси унвонига қўлга киритиб, Президент совғасига сазовор бўлганди.
Жавоҳир тинимсиз меҳнат ва ҳаракатлари билан жорий йил июнь ойида “Voronej open-2018” халқаро мусобақасида биринчи, сентябр ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди. У 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида С.Карякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи - энг ёш шахматчи сифатида ўз номини тарих йилномаларига муҳрлаб қўйди.
2017-йил мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти билан тақдирланди. Танлов натижаларига кўра «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» сифатида эътироф этилган Жавоҳир Синдоровга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти топширилди.
2018-йилнинг 3-ноябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг «Ёшлар пресс клуби» да спортнинг шахмат тури бўйича 12 ёшли Халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ва бир гуруҳ мураббийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда дунёдаги энг ёш Халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ва унинг мураббийлари Сабоҳат Зайниддинова, Савронбек Зайниддинов, ФИДЕ спорт устаси — Сирожиддин Зайниддинов, шахмат бўйича спорт устаси, ФИДЕ арбитри — Акром Ташхаджаев, Халқаро спорт устаси — Бобур Сатторов, Камолиддин Синдоров ва фаол ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев Жавоҳирнинг муваффақиятлари замирида жуда катта меҳнат ва машаққат борлигини таъкидлади.
—Спортчимизнинг ёш бўлишига қарамай ўйинқароқликдан воз кечиб, эл-юрт шаънини оқлаш учун тинимсиз шахмат билан шуғулланганлиги бугун Ўзбекистонимиз довруғининг бутун дунёга ёйилишига хизмат қилмоқда. Ўтган йили Жавоҳирнинг «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» номинацияси бўйича Ёшлар иттифоқи мукофотига сазовор бўлиши ҳам бежиз эмас. Мазкур мукофот ҳам ўзининг муносиб соҳибини топган. Интилганга ҳамиша омад кулади. Ҳеч бир меҳнат ва машаққат эътиборсиз қолмайди. Ёшларнинг иқтидори ва ташаббуслари ҳар доим қўллаб-қувватланади. Бунинг ёрқин ифодасини Жавоҳирнинг зафарларида кўришимиз мумкин, — дейди Ёшлар етакчиси.
Иштирокчилар ўртасида давра суҳбати ташкил этилиб, спорт мураббийлари Жавоҳирнинг муваффақият ҳикоялари ҳақида ёшларга сўзлаб беришди. Тақдирлаш маросимида Жавоҳир Синдоров ва унинг мураббийларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида дунёнинг энг ёш гроссмейстери Жавоҳир Синдоров, бир қатор шахмат мухлислари ва иқтидорли ёшлар билан маҳорат сабоғи учрашуви ташкил этилди. Жавоҳир бир вақтнинг ўзида бир неча нафар шахматчилар беллашиб, ўз иқтидорини намоён этди.






