Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида ўқувчи ёшлар учун «Очиқ эшиклар куни» бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ўтказилди. У ёшлар ўртасида ҳарбий хизматчиларга нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш, уларда ҳарбий касбга бўлган ҳавас ва қизиқишларни шакллантиришга қаратилди.

Тадбир давомида ўқувчи ёшлар ҳарбий қисмдаги ўқотар қуроллар, ҳарбий техникалар ва ўқув моддий базалар билан танишди. Ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қўл жанги дастурлари ва хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари ташриф буюрганларнинг барчасида катта қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари ёшлар ўртасида китобга бўлган қизиқишни уйғотиш мақсадида кўчма китоблар ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Ташриф сўнгида ёшлар ўртасида ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича беллашувлар ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.






