АсосийJamiyat

Тошкентда болалар ва ёшлар тарбиясида оиланинг ўрнига бағишланган халқаро анжуман бошланди

'Тошкентда болалар ва ёшлар тарбиясида оиланинг ўрнига бағишланган халқаро анжуман бошланди 'ning rasmi

Бугун Тошкент шаҳридаги "City Palace Hotel Tashkent" меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида "Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бошланди.

Ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларини ва ота-онага ҳамда катта ёшдаги инсонларга ҳурматни шакллантириш, оиланинг тарбиявий ва маданий-илмий салоҳиятини ошириш борасида халқаро тажрибани кенг ўрганиш ва мамлакатимизда оммалаштириш масалаларида фикр алмашиш учун хорижий давлатларнинг етук мутахассислари ва экспертлари ушбу анжуманга таклиф этилди.

Халқаро конференцияда ўндан ортиқ чет эл мамлакатларидан ташриф буюрган профессор-олимлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Президент администрацияси ва ҳукумат ходимлари, оилашунос олимлар, ҳуқуқшунослар, профессор-ўқитувчилар, психологлар, исломшунослар, давлат ва нодавлат ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда халқаро ва миллий жамоатчиликни болалар ва ёшларни оилада маънавий-ахлоқий тарбиялаш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар натижалари билан таништириш, ўсиб бораётган авлодни маънавий ва оилавий қадриятлар асосида тарбиялаш, бу борадаги энг илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияга "Болалар ва ёшларни тарбиялашда маънавий мерос ва миллий қадриятларнинг ўрни", "Маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий таълимни шакллантириш бўйича замонавий тадқиқотлар", "Дунё динларида тинчлик ва осойишталик, бағрикенглик ва ахлоқ мавзуси", "Оилани мустаҳкамлаш соҳасидаги тадқиқотларнинг устувор йўналишлари" каби йўналишларда илмий-амалий изланишлар олиб бораётган хорижлик ҳамда маҳаллий олим ва тадқиқотчиларнинг юздан ортиқ мақола ва монографиялари тақдим этилди.

Уларнинг ичида хорижлик тадқиқотчилар — Япониянинг Аши университети фахрий профессори Кунико Хакамада, Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро ассоциацияси ижрочи директори, Корея халқаро муносабатлар университети профессори Ким Пенг Иль, Испаниядаги Мадрид автоном университетининг иқтисодий тадқиқотлар мактаби директори Мануэл Хуан, Россиянинг Курск давлат университети "Социология ва сиёсатшунослик" кафедраси профессори Татьяна Каменеванинг ўзига хос чиқишлари алоҳида эътироф этилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар, савол-жавоблар, тортишув ва муҳокамаларга бой ўтган анжуман якунида билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди. Конференцияга тақдим этилган энг долзарб мақолалар илмий тўплам ҳолида чоп этилди.

    Бошқа янгиликлар