1

ИИВ ЙҲХБ бошлиғи йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига киритилган ўзгаришлар хусусида гапириб берди

ЖАМИЯТ 22.11.2018, 11:38
ИИВ ЙҲХБ бошлиғи йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига киритилган ўзгаришлар хусусида гапириб берди

“Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилинганлиги ва жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни кучга кирди. Ушбу Қонун, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида сўзлаб беришни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бошлиғи полковник Холматжон Аҳмедович Сайдалиевдан илтимос қилдик.

Мамлакатимизнинг ҳар бир соҳаси жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Жумладан, асосий вазифаларидан бири ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ҳам кўплаб ўзгаришлар, сохага тааллуқли янгиликлар жорий этилмоқда. Чунки, мамлакатимизда автомобиллар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишларини кун тартибидаги асосий масалалар қаторига олиб чиқмоқда.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалалари давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, уларнинг ҳал этилишида давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, жамоат ташкилотлари, барча турдаги юридик шахслар ва жисмоний шахслар бирдек манфаатдор бўлишлари ҳамда иштирок этишлари зарур.

Шу нуқтаи назардан, мазкур қонун фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкини муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, автомобилларда ташиш сифати ва хавфсизлигини янада ошириш мақсадида тайёрланган бўлиб, у ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва принципларини, шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини ташкил этиш ва таъминлашнинг зарурий ва мақсадли йўналишларини белгилайди.

Хабарингиз бор сўнгги йилларда мамлакатимизда бевосита ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган бир қатор номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар ўзининг ижобий самараларини бера бошлади. Мазкур қонун эса бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Қонун 2018 йил 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши баённомаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилди. Чунки бу ҳозирги куннинг талаби эди. Сабаби, ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўлинмалари фаолиятини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби жорий этилди, йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси тизими такомиллаштирилди, назоратнинг юқори самарадорлигини, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш имкониятини таъминлайдиган йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш тизими кенгайтирилди.

Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар сони анча юқори даражада сақланиб қолаётган эди.

Масалан, статистика маълумотларига кўра, 2016 йилда йўл ҳаракати соҳасида 3 385 051 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич3 727 430 тага етган яъни 10.1 фоизга ортган. Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар, турли тан жароҳатлари олганлар сони ҳам ортиб бораверади.

Хабарингиз бор, мазкур Қонун қабул қилингунига қадар ҳам қоидабузарликлар учун қўлланадиган жазолар енгил эмасди. Аммо, таҳлиллар аксарият ҳайдовчилар амалдаги маъмурий чораларга оддий бир холдек қарашга ўрганиб қолганликларини кўрсатади. Шу сабабли муаммони қатъий ҳал этиш комплекс ёндашувларни, жумладан йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазони умумий асосда кучайтиришни тақозо этади.

Маъмурий жавобгарликни кучайтириш эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг интизомини оширишга, уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларига сўзсиз риоя қилиш зарурлигига ишонтиришга хизмат қилади.

Мана, қўлимизда мамлакатимиз автомобиль йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари акс этган маълумотлар турибди. Уларни эътибор билан, таҳлилий ўрганиб чиқадиган бўлсак,бугунги кунда транспорт воситасини алкоголли ичимликдан маст ҳолда бошқариш оқибатида содир этилган йўл-транспорт ҳодислари кўпроқ учраётганлиги кўринади. Шуни инобатга олган ҳолда мазкур қоидабузарлик учун жазо чораси кескин кучайтирилди.

Қонун қабул қилингунига қадар Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан 1 йилу 6 ойдан 3 йил муддатгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси қўлланилар эди. Эндиликда ҳам худди шу муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан бирга, қўшимча равишда республикамизда жорий этилган энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима ҳам солинади. Бундан ташқари, худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўларди. Жорий этилган янги ўзгаришларга кўра эндиликда бундай ҳолат юз берса, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баравари миқдорида жарима ҳамда 15 суткагача бўлган маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси, учинчи қисмида алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўларди.

Янги қонунда бунга ҳам жазо кучайтирилди. Эндиликда алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш 2 йилдан 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига ҳамда қонунбузардан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима ундирилишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддаси бор. Бу модда ранспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, деб номланади. Бу моддага асосан 23-октябрга қадар қоидабузар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этилган бўлса, эндиликда бу қоидабузарлик учун 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг ўн беш баравари миқдоридажарима жазоси қўлланилади.

Кўраяпсизки жазо турлари анчагина кучайтирилди. Сабаби, алкоголли ичимликдан мастлик таъсири остида ҳайдовчининг энг муҳим функциялари бузилади, масалан, реакцияси сустлашади, йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик шаклланади, ўз-ўзини назорат қилиш қобилияти йўқолади, қонда алкоголь миқдори ортган сари мўлжал олиш ҳисси сусаяди, хушини йўқотиш эҳтимоли вужудга келади. Буларнинг барчаси автотранспорт воситасини маст ҳолда бошқариш инсон ва фуқаронинг яшаш, соғлиғини муҳофаза қилиш ва бошқа Конституция билан кафолатланган ҳуқуқларига қарши жиноят содир этилиши мумкинлигидан далолат беради. Қонунга ўзгартиришлар киритишда масаланинг ана шу муҳим томонлари инобатга олинди.

Оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган қоидабузарликлардан яна бири бу белгиланган тезлик талабларига амал қилмасликдир. Маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак 2016 йилда йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан тезлик билан боғлиқ 421272 та қоидабузарлик аниқланган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 506948 тани ташкил этди. Бу ходимлар томонидан аниқлангани. Бунга автоматлаштирилган бошқарув тизимига уланган фото радарлар қайд этган қоидабузарликларни қўшадиган бўлсак рақамлар олти хоналикка ўтиб кетади. Булар аниқлангани. Аниқланмагани қанча? Улар келтириб чиқараётган йўл-транспорт ҳодисалари, бу ҳодисаларда бевақт ҳаётдан кўз юмаётган, тан жароҳати олганлар сонини айтишнинг ўзи оғир. Шу сабабли ҳам бу каби қоидабузарликларга нисбатан кўриладиган жазо турлари ҳам кучайтирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1283-моддаси. Бу модда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши, деб номланади. Ушбу модданинг 3-қисмининг санкциясида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, деб белгиланган эди. Эндиликда бундай қоидабузарлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг тўққиз баравари миқдорида жарима солинади.

Худди шу модданинг тўртинчи қисмининг санкциясида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил муддатга махрум этиш билан жазоланар эди. Янги қонунда жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўн беш баравари қилиб белгиланди. Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси эса бир йиллигича қолдирилди.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1283-моддасининг бешинчи қисми ҳам бор. Бу транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёки транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун уч марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши, деб аталади ҳамда бундай қоидабузарлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этиш жазоси қўлланилар эди. Эндиликда эса ҳайдаш ҳуқуқидан икки йилга маҳрум этиш билан бирга энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима жазоси ҳам қўлланади.

Юқоридагилардан ташқари транспорт воситасини бошқариш чоғида уяли телефондан фойдаланганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари ўрнига уч баравар, бир йил давомида шу қоидабузарликни такроран содир этганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари ўрнига тўрт баравар, ёки 6 ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси белгиланди.

Бундан ташқари ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги илгари энг кам ойлик иш ҳақининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солинишига сабаб бўлган бўлса, эндиликда бундай қоидабузарлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси қўлланилади.

Кези келганда шуни айтиш лозимки, аксарият ўлим билан якун топган йўл-транспорт ҳодисаларида ҳайдовчи ёки йўловчи хавфсизлик камарини тақмаган бўлади. Кескин тормоз ёки кучли тўқнашув вақтида йўловчиолд ойнага боши билан урилиб оғир жароҳат олса, ҳайдовчининг кўкрак қисми рул чамбарагига сиқилиб қолиши натижасида ўлим юз беради. Шу сабабли ҳам хавфсизлик камарини ҳамма тақиши шарт. Бу биринчи навбатда ўша инсонларнинг ўзи учун фойдали.

Кодекснинг 133-моддасига ҳам ўзгартириш киритилди. Бу, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда (анча миқдордаги моддий зарар деганда, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридан ошиб кетган зарар тушунилади)моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ модда. Қонун қабул қилингунига қадар ушбу моддага асосан энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этиш жазоси қўлланар эди. Эндиликда унинг жарима санкцияси энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравариданетти бараваригача кўтарилди.

Шунингдек, кодекснинг 134-моддаси яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситалари, йўл ҳаракатини тартибга солувчи воситалар ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келса, лекин анча миқдорда моддий зарар етказмаса, энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўларди. Эндиликда ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси ўзгармагани ҳолда жарима миқдори 2 баравардан 4 бараваргача оширилди.

Бундан ташқари транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми ўрнига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши энг кам иш ҳақининг уч баравари ўрнига беш баравари миқдорида, Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг бундай воситаларни бошқариши энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари ўрнига ўн баравари миқдорида жарима жазосини қўллашга асос бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган мазкур Қонуни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий асосларни янада ривожлантириб, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, транспорт воситаларига эга бўлган корхона ва ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, фуқароларни йўлларда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш бўйича масъулиятини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва уларда жабрланганларнинг сонини камайтиришга хизмат қилади. Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад хавфсизликни таъминлашдир.

Мансуржон Рихсиев, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1