1

Ёшлар билан ишловчи проректорлар учун ўқув-семинари бошланди

ЖАМИЯТ 22.11.2018, 18:26
Ёшлар билан ишловчи проректорлар учун ўқув-семинари бошланди

Бугун Тошкент шаҳар Ёшлар марказида Олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ, ҳар бир Олий таълим муассасасида ёшлар билан ишлаш бўйича проректор лавозими жорий этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Олий ва ўтра махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган семинарнинг 1-кунида юртимиздаги 86 та олий таълим муассасаларининг проректорлари иштирок этишди.

Ўқув-семинарда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарлари ҳам қатнашдилар.

Ўқув-семинарининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов сўзга чиқиб, Олий таълим муассасаларида талаба-ёшларга билим бериш ва уларни тарбиялашни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб янгича асосда ташкил этишнинг долзарб масалалари ҳақида фикр юритди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев эса янги лавозим эгаларининг олдига қўйилаётган долзарб вазифалар ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.

  • Ҳозирда ёшлар билан ишлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам масъулиятли вазифага айланди. Айниқса,олий ўқув юрти талабалари билан ишлашда мавжуд муаммолар борлигини кадрлар масаласида пайдо бўлаётган бўшлиқ кўрсатиб турибди. Бугунги талаба эртага кучли мутахассис, маълум бир соҳанинг ривожига ҳисса қўша оладиган инновацион ёндашувга эга етук кадр бўлиши керак. Афсус, бу борада бизда бирмунча муаммолар кўзга ташланяпти. Менинг назаримда, шунинг учун ҳам мазкур лавозим жорий этилди. Бу эса олдинда қилиниши керак бўлган жуда кўп ишлар борлигини кўрсатади. Бу борада бизга Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари кенгаши етакчилари, факультет ва гуруҳ етакчилари ёрдамчи бўла олади, шунинг учун бу борада ўртада ҳеч қандай бўшлиқ қолдирмасдан уларга яқиндан кўмаклашиб, улар билан кенгашиб ишланса айни кўзланган мақсадга эришилади – деди Қ.Қуранбоев.

Семинарда яна 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясидаги ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга оширилишида олий таълим муассасаларининг ўрни ҳақида фикрлар билдирилиб, бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Талаба ёшларни спорт соҳасида эришган ютуқлари таҳлил қилиниб, таълим муассасаларидаги спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш асосида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга кенг жалб қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича талабалар ўртасида бир қатор нуфузли мусобақалар ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Маърузалардан сўнг тингловчиларга амалий машғулот берилди.

Проректорлар мазкур вазифани бажариш учун 6 гуруҳга бўлинган ҳолда ишладилар.

Амалий машғулот якунида улар “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректорларининг роли ва ташаббускорлиги” мавзусида таклиф ва лойиҳаларининг тақдимотини намойиш қилишди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур семинар 25 ноябргача давом этади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1