АсосийJamiyat

​Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш муаммолари муҳокамасига бағишланган халқаро семинар ўтказилди

'​Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш муаммолари муҳокамасига бағишланган халқаро семинар ўтказилди'ning rasmi

Тошкент Давлат Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида сув бўйича ҳамкорлик масалалари юзасидан халқаро семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Марказий Осиё минтақавий экология маркази, Швейцария ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилган мазкур анжуманда тегишли давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан ташриф буюрган мутахассислар, институтнинг ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди.

Маълумки бугунги кунда сув бўйича ҳамкорлик дунё аҳамиятига молик масалалардан ҳисобланади. Сайёрамизда аҳоли сонининг ортиши, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигининг ривожланиши сув ресурсларига бўлган талабларни тобора оширмоқда. Бу жараёнлар сайёрамиздаги сув заҳираларига ҳам миқдор, ҳам сифати жиҳатидан таъсир кўрсатмоқда.

Марказий Осиё Ер юзидаги сув танқислиги кузатилаётган минтақалар сирасига киради. Гарчи минтақада 200 дан ортиқ дарёлар мавжуд бўлса-да, минтақадаги давлатлар ушбу сув заҳираларидан ўзаро келишган ҳолда, оқилона фойдаланишлари лозим бўлади. Шу боис, кейинги пайтда бундай халқаро учрашувлар тез-тез ўтказилмоқда.

Мазкур йиғилишда ҳам соҳада янги ғоя ва тажрибаларни қўллаш, шунингдек, жаҳон тажрибасидан ўтган, сувдан тинчлик мақсадларидан фойдаланишга йўналтирилган Blue Peace лойиҳасини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Ҳамроев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири:

— Бугун Марказий осиё учун сув ҳаёт-мамот манбаи бўлиб турибди. Мамлакатимиз раҳбари ҳам бу масалага катта эътибор билан қарамоқда, ечимини кутаётган жиддий муаммолардан қочмаслигимиз, уларга ечим топишимиз зарурлигини таъкидламоқда.Жорий йил августь ойида Туркманистонда минтақа давлатлари раҳбарларисаммитида ҳам ана шу масала муҳокама қилинди. Зотан, биз бу муаммоларни биргаликда ҳал этишимиз зарур.Ана шу масалада бир қатор халқаро ташкилотлар, қўшни давлатлар билан доимий ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Трансчегаравий дарёлардан фойдалланишда сайёрамиздаги бошқа йирик минтақаларида, хусусан Африкадаги Сенегал, Тўқ-сариқ дарё сингари сув ҳавзаларидатўпланган тажрибаларни ўрганиб Оролбўйи ҳавзасида сувдан фойдаланиш муаммоларини бартараф этишда қўллаш таклиф этилмоқда.

Ўктам Умрзоқов, Тошкент Давлат Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори:

— Мазкур семинардан мақсад минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилишда халқаро тажрибалардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Ана шу масалада “Blue Peace Central Asia” халқаро лойиҳаси таъсис этилган. Ушбу лойиҳа асосида минтақадаги бешта республика ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Умид қиламизки, ушбу семинар бу борадаги билим ва тажрибаларимизни ошириб, ўзаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди.

Оливье Шав, Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Швейцарияни гоҳида Европанинг “сув минораси” деб ҳам аташади. Мамлакатимиздан бошланадиган дарёлар қитъанинг 17 давлатини сув билан таъминлайди. Шу боис мамлакатимизда трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш тажрибаси анча узоқ тарихга эга. Шу сабабли ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш Марказий Осиё давлатлари учун ҳам катта аҳамиятга эга. Умумий сув заҳираларидан ўзаро келишув асосида, ўз ўрнида фойдаланиш орқали минтақадаги барча давлатлар фойда кўради. Шу боисдан Швейцария ҳукумати “Blue Peace Central Asia” лойиҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва ўз ёрдамини аямайди.

Семинарда сўзга чиққанлар мазкур масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

    Бошқа янгиликлар