Бугун Хоразм вилоят Ёшлар марказида “Келин-куёвлар инновацион мактаби” очилди. Ушбу мактаб Ёшлар иттифоқи томонидан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мазкур мактабни очишдан асосий мақсад ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бўлғуси келин-куёвларга ҳаётий тажрибалардан сабоқ бериш, уларнинг оилавий муносабатлар бўйича билим ва кўникмаларини оширишдан иборат.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Тошмуҳамедова, Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши раиси Мансур Машарипов, вилоят Хоин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбонбоева ва мутасадди ташкилот раҳбарлари, вилоятдаги ёш оила вакиллари иштирок этишди.
Ёш оилаларга семинар-тренинглар ўтиш учун вилоятдаги энг намунали оилалардан бири Машариповлар оиласи ҳам таклиф этилиб, оиланинг бирдамлиги ва тотувлигида нималарга эътибор қаратиш тўғрисида ҳаётий мисоллар келтиришди.
- 20 йилдан буён бир оила бўлиб яшаб келмоқдамиз. Ана шу вақт давомида катта қизим университет талабаси бўлди, кичик қизим Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритди, ўғлим эса 6-синфда таҳсил олиш билан бирга, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашида сардорлар сафида фаолият юритмоқда. Оиламизнинг энг катта ютуғи тотувлигимизда. Шу сабаб ҳам фарзандларимиз жамиятимизга фойдаси тегадиган етук инсон бўлиб етишмоқда, – дейди Зулхумор Машарипова.
Очилиш маросимидан сўнг махсус тренерлар томонидан ёш оила вакиллари учун биринчи ўқув-семинар ўтказилди.






