Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти ташқи ишлар вазирлари учрашувининг биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқулов, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мажлис иштирокчиларини самимий қутлаб, Афғонистон иштирокида биринчи марта янги форматда ўтказилаётган мазкур мулоқот Марказий Осиё мамлакатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар алоқалар ривожига кучли туртки беришини таъкидлади.
Аввал хабар берганимиздек, ташқи ишлар вазирлари ўзаро савдо ҳажмини оширишга кўмаклашиш, транспорт ва логистикани ривожлантириш, саноат, энергетика, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларига инвестициялар, инновация ва технологиялар жалб қилиш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, маданият, илм-фан, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар.
Вазирларнинг биринчи учрашуви якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилиниши кўзда тутилган.






