Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев "Халқ сўзи"га берган интервьюси чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига амалга оширган расмий ташрифи, унинг аҳамияти хусусида гапириб ўтди.
"Савол туғилиши табиий: "Нима учун Германия бизга шундай эътибор кўрсатяпти?" ёки "Уларнинг манфаатлари нимадан иборат?" деган. Буни шундай изоҳлаш мумкинки, Германия раҳбарияти, барча сиёсатчилари минтақа учун ўз масъулиятини сезган ҳолда, аниқ билади, Марказий Осиё, бу — ниҳоятда муҳим минтақа. Айнан Ўзбекистон юритаётган сиёсат натижасида минтақада ниҳоятда улкан ўзгаришлар кузатиляпти.
Ўз навбатида, ушбу жараёнлар глобал муаммоларни ечиш учун ҳам ва бу ердаги имкониятлардан фойдаланишда ҳам янги уфқларни очмоқда. Масалан, қандай муаммолар бор? Булар халқаро терроризм, гиёҳвандлик бизнеси, экологик масалалардир. Уларнинг ҳаммасини фақат биргаликда амалга ошириш мумкин.
Имкониятлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Ғарб билан ҳамкорликка интилиши жуда катта. Чунки Европа технологиялари, пешқадам фирмалар иқтисодиёт ривожи учун алоҳида ўринга эга. Шу билан бирга, Марказий Осиё Германия сингари бошқа Европа давлатлари учун ҳам муҳим минтақадир. Бу катта ва тобора ортиб бораётган истеъмол бозори сифатида кўрилади.
Қолаверса, Марказий Осиёнинг геоиқтисодий жойлашуви бутун Евросиё билан ҳамкорликнинг муҳим нуқтаси саналади. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёдаги барқарорлик издан чиқмаслиги, кенг иқтисодий ҳамкорликни яратишни барча ривожланган давлатлар яхши англайди ва шундай сиёсатни илгари суришга ҳаракат қилади", - дея гапириб ўтди Сафоев.






