Шу йилнинг 30 январь куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 7-сонли ИИБ ходими Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилиб, унда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи И.Б. ва бошқа шахслар билан бирга 2018 йил октябрь ҳамда ноябрь ойларида “Silk Road Industry” МЧЖ раҳбари Ф.К.дан умумий қиймати 244 млн. сўмлик “Libеra” номли болалар тагликларини келгусида савдо тушумидан тушган пулдан бериш шарти билан олиб, алдаш йўли билан ишончига кириб, болалар тагликларини сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлигини, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бораётганлигини, И.Б. унга текширув ҳужжатларини терговга ўтказмасдан унинг фойдасига хал қилиб бериш эвазига пора сифатида 2000 АҚШ долларини таклиф этаётганлигини маълум қилган.
Ушбу билдирги юзасидан 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Тошкент шаҳар бўлими, Учтепа тумани прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир натижасида И.Б. пора сифатида 1500 АҚШ долларини ходимнинг хизмат хонасида бераётганида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






