Бугун “Сурхон” футбол клубида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни клуб вице-президенти Баҳром Маматқулов олиб борди.
Кун тартибидаги асосий масала – “Сурхон” футбол клуби бош мураббийи вазифасини бажариб келган Илҳом Мўминжонов ўрнига муносиб ўринбосар тайинлаш эди. Шу кунгача “Сурхон” футбол клубида спорт директори лавозимида ишлаб келаётган Анвар Солиев вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди, деб хабар беради клуб матбуот хизмати.
Ўзининг “Навбаҳор”, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” жамоаларида футболчилик фаолияти билан танилган Анвар Солиев ўтган мавсумда Наманганнинг “Навбаҳор” клубида ҳам спорт директори лавозимида фаолият юритган.
“Сурхон” жамоаси олдига жорий мавсумда суперлига йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган.