АсосийJamiyat

​1 млд 143 млн сўмлик тамакини чегарадан "ўтказиб" бермоқчи бўлган божхоначи "амаки"лар ҳақида....

'​1 млд 143 млн сўмлик тамакини чегарадан "ўтказиб" бермоқчи бўлган божхоначи "амаки"лар ҳақида....'ning rasmi

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши­ни назорат қилиш, қонун ҳужжатлари бузилиши, жумладан, кон­трабанданинг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйиш божхона ходи­мининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бироқ “гуруч ичидаги курмак”лар дилни хира қилади...

44 ёшли М. Каримов ва 32 ёшли Д. Юлдашев Фарғона вилояти Божхона бошқармаси Андархон чегара божхона постининг бож­хона кўриги ва расмийлаштируви гуруҳи катта инспектори лаво­зимида ишлашган. Устомонлар 2018 йил 2 май соат 10:00 ларда Андархон божхона пости орқали Тожикистондан Ўзбекистонга жуда кўп миқдордаги сигарета маҳсулотларини В. Баратов бошқарувидаги транспорт воситасида олиб ўтишаётганида, ДХХга қарашли ҳарбий қисм ходимлари уларни пайқаб қолишган. Транспортда умумий нархи 1.143.000.000 сўмга баҳоланган, 2 тур­даги жами 184.500 қути сигареталар борлиги аниқланган.

“ЮК КИМНИКИ ЭКАНИНИ АНИҚ БИЛМАЙМАН”

Судланувчи М.Каримов судда айбига тўлиқ иқрор бўлди.

— 2018 йил 1 май куни эрта­лаб Андархон божхона постидан телефон қилиб, Ўзбекистон тумани ҳокимиятига қишлоқларни асфальт­лаштириш бўйича ишчи гуруҳига соат 08:30 ларда боришимни ай­тишди. У ерда йиғилиш ўтказилди ва туманда асфальт қилинмаган қишлоқ йўлларига шағал тўктириш бўйича топшириқ берилди. 21:00 гача ўша ерда бўлдим.

Пост бошлиғи соат 22:00 да қўнғироқ қилиб постда ходим етишмаётгани сабаб, постга етиб боришимни айтди. Бориб хиз­матни давом эттирдим. Эртаси куни соат 08:00 ларда олдин мен билан бирга ишлаган Мирзака­рим исмли нафақахўр танишим парфюмерия маҳсулотлари ва сигарета маҳсулотларини пост­дан ўтказишга ёрдам беришим­ни сўради. Бир киши хориждан 300 долларлик товар олиб ке­лиши мумкинлигини айтди. Сўнг 08:30 ларда “Isuzu” машинаси ҳайдовчиси В. Баратов постга кел­ди. Юкни тезроқ постдан кўриксиз ўтказиш учун постнинг смена бошлиғи катта инспектори Д. Юл­дашевга ҳолатни тушунтирдим. Д. Юлдашев бу юкларни божхона назоратидан яшириб ўтказиш учун пломба илиш кераклигини айтди. Ҳайдовчи В. Баратовга катта инспектор Д. Юлдашев қандай илиш кераклигини тушунтирди.

Ҳайдовчи шундан сўнг Тожикистонга пост орқали қайтиб чиқиб кетди. Шу куни соат 10:30 лар­да В. Баратов юклари билан постга кириб келганида, катта инспектор Д. Юлдашев ўтказиб юборди. Чегарачилар кўрик хо­дими транспорт воситасидан гу­монланиб, четга олишни сўради. Кўрикдаги чегара ходими ўзининг смена бошлиғини чақирди. Смена бошлиғи ҳайдовчига юк эгасини чақиртиришни айтди. Бир соат оралиғида унга нотаниш бўлган, ўзини юк эгаси Хайрулло, деб та­ништирган киши расмийлаштириш хонасига кирди.

Чегара смена бошлиғи ҳайдовчи В. Баратов, Ҳасан ҳамда Хайрулло исмли шахсларни ўз хонасига олиб кирди. Соат 14:30 ларда чегара смена бошлиғи В. Баратов, Ҳасан, Хайрулло билан бирга ташқарига чиқишди. Сўнг ДХХ ходимлари, божхона контрабандага қарши ку­раш бўлими ходимлари ҳамда Ан­дархон божхона пости ходимлари машинани кўздан кечиришди. Шун­да юк хонадан жуда кўп миқдорда сигарета маҳсулотлари борлиги аниқланди. Юк кимники эканини аниқ билмайман. Чунки юк божхо­на постида ушланганидан кейин ҳеч ким “юк меники”, деб келмади. Қилмишимдан пушаймонман.

“МАҲСУЛОТНИНГ БАРЧАСИ СИГАРЕТ ЭКАНИНИ БИЛМАГАНДИМ”

Судланувчи Д. Юлдашев судда айбига тўлиқ иқрор бўлди.

— 2018 йил 1 май куни 09:00 да Андархон божхона постида смена бошлиғи сифатида хизмат­ни бошладим. 2 май соат 07:30 ларда А. Исамиддиновнинг ўрнига М. Каримов сменада иш бошлади. М. Каримов соат 08:00 ларда бир танишини постдан ўтказиш керак бўлган совуни ва оз миқдорда си­гарети борлигини айтиб, ўтказишда ёрдам беришимни сўради. Юкларни туширмай, ўтказиб юборишга рози бўлдим. Қандай ўтказиш йўлини сўради, 3-4 кун олдин бир маши­надан олиб қолинган, бошқа бир юк учун ишлатилган пломбани беришим, келадиган машинанинг юкхонасини шу пломба билан плом­балашни айтдим. М. Каримов пост­дан юкни олиб ўтадиган ҳайдовчини постга чақирди. Учаламиз хонага кирганимизда, М. Каримов постдан юкни ўтказадиган ҳайдовчи шу киши эканини айтди. 2018 йил 28 апрелда М. Ҳайдаров томонидан постдан Ўзбекистонга ҳаракатланган транс­портдан ечиб олинган ва шу кунгача шкафнинг ичида турган пломбани ҳайдовчига бериб, уни илиш тар­тибини тушунтирди. Кейин М. Ка­римов ҳайдовчига божхона постига юк билан кириб келганида чегара­чиларнинг саволига қандай жавоб бериш кераклиги, яъни машинанинг ичида атир совун борлиги, юкнинг ҳужжатлари эгасидалигини айтиш­ни, чегара ходимларига қўрқмасдан, дадил жавоб беришни тушунтирди. Сўнг хонадан чиқиб кетдим, бироз­дан сўнг иккови ҳам чиқиб кетди. Орадан тахминан 45-50 дақиқа ўтганидан сўнг, соат 10:00 лар атро­фида Андархон чегара божхона постига “Isuzu” транспорти “навес”ни тагига кирмай, транспортни рўйхатга олиш камерасининг қаршисига қўйган вақтда унинг давлат рақам белгиси­ни кўрдим. Сўнг транспорт божхона кўригидан ўтказиш жойига қўйилди. Ҳайдовчи машина ва ўзига тегишли бўлган ҳужжатларни чегара ходимига рўйхатдан ўтказиш учун берди. Шу вақт ҳайдовчи билан бирга эдим. Чегара ходими машинада нима бор­лигини сўради. Ҳайдовчи машинада атир совун борлиги, юкхона плом­баланганини маълум қилди. Чегара ходими юкка тегишли ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилганида, ҳайдовчи ҳужжатлар юк эгасида­лигини айтди. Чегара ходимлари ҳайдовчига юкни эгаси ҳужжатлари билан келганидан кейин транспорт ҳаракатланишига рухсат беришини айтди. Ҳайдовчи кимгадир қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирди ва че­гарачига юкни эгаси келаётганини билдирди. Транспортни божхона постидан ўтказиб юбориш мақсадида чегара ходимига ҳозир тадбиркор­ларга енгиллик берувчи қонунлар қабул қилингани, пломбаси бор ма­шинани тўхтатиш мумкин эмаслиги, тадбиркор эртага устимиздан шикоят қилиши мумкинлиги ёки автотранспортни пост ҳудудига қайтариб юбо­риш кераклигини айтдим. Лекин чегара ходими машина шу ерда қолиши, юкни эгаси ҳужжатларни олиб келиши лозимлигини айтди. 1-2 соат вақт ўтгач, бир киши келиб ўзини Хайрулла, деб таништирди, юкни эгаси экани, машинада атир совун борлиги, агар бошқа нарса бўлса юк уники эмаслигини айтди. Соат 16:00 ларда ДХХ Бешариқ тумани бўлими ходимлари етиб кел­ганидан сўнг чегара-божхона ходим­лари биргаликда транспорт восита­си юкхонасини очишди. Машинада сигарета борлиги аниқланди. Бироз­дан сўнг божхона бошқармаси кон­трабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳам келиб, ҳолатни рас­мийлаштиришди. Соат 20:00 ларда тамаки юкланган машина, ҳайдовчи В. Баратов, машинанинг ҳақиқий эгаси Ҳасан исмли киши, ўзини Хайрулла, деб таништирган кишини божхона бошқармасига олиб ке­тишди. М. Каримов юкни ноқонуний ўтказишдаги ёрдами учун манфаатдор эканини айтмаганди. Тани­шимнинг юки, дегани учун ёрдам қилмоқчи бўлгандим, совун ва сига­рета маҳсулоти олиб ўтилади, деб ўйлагандим. Маҳсулотнинг барчаси сигарета экани ва кимга тегишлили­гини билмагандим. Қилмишимдан пушаймонман.

Фаррух АБДУРАИМОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди раиси:

— М. Каримов ва Д. Юлдашевга Жиноят ко­дексининг 182-моддаси 2-қисмининг “а, г” банд­лари билан 45-модда қўлланилиб, 3 йил муд­датга божхона идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 450 баравари миқдорида, яъни 77.508.000 сўм жари­ма жазоси тайинланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар