Тошкентдаги "Windham" меҳмонхонасида кўкрак бези саратонининг олдини олиш ва уни даволаш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда бир қатор идора ва ташкилотлар вакиллари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган онколог-шифокорлар, туркиялик соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга катта аҳамимят қаратилмоқда. Бу борада хорижлик тиббиёт ходимлари, жаҳоннинг нуфузли тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш катта аҳамият касб этади. Айни пайтда юртимизда хорижлик мутахассислар билан ҳамкорилкда очилган шифо масканлари фаолият кўрсатмоқда, чет эллик шифокорлар ёрдамида жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Бу борада аёллар ўртасида кенг тарқалган кўкрак бези саратонининг олдини олиш ва даволаш катта аҳамиятга эга.
— Ўтган асрнинг 40-50 йилларида сайёрамизда аёллар ўртасида бачадон бўйни саратони туфайли ўлим ҳолатлари кўпайиб кетган эди, - дейди туркиялик шифокор, "Istanbul Onkoloji" клиникаси вакили, профессор, кўкрак бези радиологияси бўйича мутахассис Левент Челик. – Бугунги кунга келиб эса, кўкрак бези саратони аёлларни ташвишга солаётган энг катта муаммолардан бирига айланмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Ер юзидаги аёлларнинг 11 фоизи, ёки ҳар тўққиз аёлдан бири умри давомида камида бир маротаба кўкрак бези саратони хавфи билан юзлашади. Аёллар ўртасида онкологик касалликлар бўйича бу хасталик ўпка саратонидан кейинги иккинчи ўринда туради. 2008 йилдан буён клиникамиз ушбу йўналишда фаолият юритади. Айни пайтда биз бу хасталикни даволаш бўйича етарлича тажриба тўплаганмиз.
— Ушбу анжуман мамлакатимиздаги онколог мутахассисларнинг тажриба ортириши чун катта имконият яратди, - дейди пойтахтимиздаги "Mediamax International healthcare" маркази раҳбари Шукран Жўраева. – Биз ҳам ўз марказимизда туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ана шундай хасталиклар билан оғриган аёлларимизни даволаш, сут бези саратонига эрта ташхис қўйиш борасида ҳамкорликни қиляпмиз.
Анжуманда радиолог Левент Челик ва онкологик жарроҳлик бўйича мутахассис Жем Йилмаз соҳада қўлланилаётган янгича амалиётлар, қўлга киритилаётган ютуқлар бўйича маълумотлар беришди. Анжуман иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.