АсосийЖамият

Эҳсон баҳонасида одамлардан пул олганлар аниқланди

3 нафар шахсдан далилий ашё сифатида пул маблағлари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

'Эҳсон баҳонасида одамлардан пул олганлар аниқланди'ning rasmi

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда бир неча шахсларнинг одамлар билан интервью олиш баҳонасида гаплашиб, улардан фирибгарлик йўли билан пул йиғаётгани акс этган видео тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳолат бўйича пойтахт ИИББ ҳамда Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбирлар олиб борилган.

Натижада мазкур ишда гумонланган 3 нафар шахс қўлга олинган. Улар фуқаролар билан интервью олиш баҳонасида суҳбатлашиб, улардан фирибгарлик йўли билан масжид қурилиши, ногиронларга ёрдам каби баҳоналар билан пул йиғаётгани маълум бўлган. Улардан далилий ашё сифатида пул маблағлари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

“Одамлардан эҳсонликка деб кўпинча “Халқлар дўстлиги” метросидан чиққанда, Magic city, уни ичида пул олинарди. “Эҳсонликка, яхшиликка ҳиссангизни қўша оласизми?”, деб пул сўрардик. Берганлар 10 минг, 20 минг ҳам берарди. Бошқа такрорланмайди. Халқимиздан узр сўрайман”, дейди улардан бири.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаролардан бу каби шахсларга пул бермаслик, шундай ҳолатга дуч келган тақдирда дарҳол ички ишлар органларига хабар бериш сўралади.

    Бошқа янгиликлар