Жорий йилнинг 1 июль куни Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида профилактика инспектори чақирув вақтида пичоқланганди ва оқибатда вафот этганди. Марҳум профилактика инспектори катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонига асосан “Жасорат” медали билан тақдирланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Президент фармонини вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди. Медаль марҳум ИИО ходимининг оила аъзоларига топширилди.
Маълумот учун, 1 июль куни соат 20:50 ларда Хўжаобод туманининг “Юксалиш” маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант, марҳум Абдурасул Абдувалиев маҳалла раиси А.Маматалиев билан бирга воқеа жойига етиб борган.
Маълум бўлишича, 65 ёшли фуқаро Юнусали Тумарович Холбозоров маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Фуқарони зарарсизлантириш жараёнида Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, қочиб кетган.