Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан “Кўнгил кўзи” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, вазирликлар, идоралар, кўриш имконияти чекланганлар билан ишлашга ихтисослашган давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, кўзи ожизлар махсус мактаб-интернети ўқувчилари, журналистлар иштирок этди.

“Юртимиздаги 12 та махсус интернатда 3 минг нафардан ортиқ кўзи ожиз ёшлар тарбияланади. Улар учун Агентлик тизимидаги ягона нашриётда зарур дарслик ва бошқа адабиётлар нашр этиб келинмоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов.

– Аммо “Кўзи ожизлар босмахонаси”нинг 1960 – 1980 йилларда ишлаб чиқарилган техникалари жуда эскирган бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати бугунги кун талабига жавоб бермайди. Ускуналар билан йилига бор-йўғи 18 номдаги дарсликни чоп этиш мумкин. Ҳолбуки, таълим дастури бўйича кўриш қобилияти чекланган ўқувчилар учун 48 номдаги дарсликлар зарур. Шунингдек, олий таълим муассасалари учун бундай махсус дарсликлар умуман нашр этилмайди”.

Шунингдек, “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилди:
– Кўзи ожиз бўлган болаларни дарсликлар , бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш;
– Босмахона ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва улар учун қулай меҳнат шароити яратиш;
– “Кўзи ожизлар босмахонаси”ни моддий-техник базасини модернизация қилиш;
Ушбу йўналишлардаги ишларни амалга ошириш жараёнида махсус мактаб интернатларда ўқийдиган болалар учун дарсликлар чоп этиш, аудио китоблар онлайн кутубхонасини яратиш, “Шарқ эртаклари”, “Ўзбек адабиёти дурдоналари” “Алоҳида тоифадаги болалар” рукнидаги китоблар тўпламини нашр қилиш, кўзи ожизлар учун “Бир жамоа” ягона интернет-порталини яратиш ҳамда кўзи ожизлар учун музей, театр ва дам олиш масканларига ташриф ва экскурсияларни ўтказиш методикасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

“Кўнгил кўзи” лойиҳаси ҳамда унинг атрофида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар шунчаки гап-сўз эмас, балки яқин истиқболдаги қатъий режаларимиздир,– деди “Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхонаси бош муҳаррири Рихсивой Аббосхонов.

– Биз бунинг исботи сифатида бугунги тадбирга ўзбек миллий эртаклари жамланган, брайл алифбосида нашр этилган китобимизни олиб келдик. Энг яхши 30 та эртакни ўз ичига олган бу китоб бошланган ишларнинг дебочаси, холос. Эндиги вазифамиз ўсмирлар, балоғат ёшидаги фарзандларимизга мўлжалланган машҳур бадиий асарларни ҳам тайёрлаб, нашр этишга киришамиз. Мақсадимиз — кўриш имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда тўлақонли билим олиши ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳамда амалда бунга эришиш”.

Матбуот анжуманида таъкидландики, “Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхонаси ишчи-хизматчиларининг ярмидан ортиғини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этишини инобатга олган ҳолда, улар учун махсус автотаранспорт воситалари технопаркини яратиш ҳам долзарб вазифалар сирасига киради.
Бундан ташқари, босмахонани тўлиқ модернизация қилиш, корхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш вазифаси ҳам лойиҳа доирасида амалга оширилади. Шунингдек, лойиҳа ушбу соҳа ишчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ишлаш учун муносиб шароит яратиш масаласи ҳам эътибор марказида бўлади.

Тадбирда Агентлик томонидан пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати ўқувчиларига эртак ҳамда бадиий асарларнинг аудио талқини жамланган махсус совғаси топширилди.
Тақдимот сўнггида мавзу юзасидан баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Жумладан, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни ижтимоий мослаштириш масалалари борасидаги муҳокамалар давомида махсус-мактаб интернатдан узоқ бўлмаган жойда Тошкент шаҳрида иқтидорли ўсмир-ёшлар учун ижодкорликни ривожлантириш марказини ташкил этиш ва унинг асосида турли илғор таълим амалиётларини жорий этиш таклифи билдирилди.

Бундан ташқари, “Кўнгил кўзи” лойиҳаси кўзи ожизлар ва заиф кўрувчиларнинг ижтимоийлашуви ва ижтимоий мослашуви учун мамлакатимизда қулай шароитлар яратишда ижобий роль ўйнаши зарурлиги ва бу энг аввало, ўсиб келаётган авлод учун муҳимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда кўриш имконияти чекланган ўқувчилар фақатгина математика ва она-тили фанлари бўйича олимпиадаларда иштирок этадилар, холос. Тадбирда уларнинг бошқа фанлар бўйича ҳам фан олимпиадаларида иштирок этиши, мусиқа ва санъат мактабларида бепул ўқиши, кутубхоналар, таълим муассасаларини замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашга қаратилган энг долзарб масалалар бўйича таклифлар билдирилди, уларни ҳал этиш чоралари белгилаб олинди.







