АсосийJamiyat

ИИВ академиясининг ўқув полигонида тингловчиларга “лейтенант” махсус унвони берилди (фоторепортаж)

'ИИВ академиясининг ўқув полигонида тингловчиларга “лейтенант” махсус унвони берилди (фоторепортаж)'ning rasmi

Жорий йилнинг 27 март куни Ички ишлар вазирлиги академиясининг ўқув полигонида Касбий тайёргарлик факультети тингловчиларининг битирув тадбири бўлиб ўтди. Унда вазирлик мутасаддилари, Акамемия раҳбарияти, ўқитувчи-мураббийлар, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.Бу ҳақда ИИВ академиясининг матбуот хизмати хабар берди.

Саф майдонига оркестр садолари остида Академия жанговар байроғи олиб кирилгач, битирувчиларга тантанали равишда дипломлар топширилди. Академия бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Аҳмедович Матлюбов нутқ сўзлаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, айниқса ички ишлар органлари учун ҳар томонлама профессионал кадрларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

– Мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар, энг аввало, соҳани етук мутахассис кадрлар билан таъминлашга қаратилган, – деди Б.Матлюбов. – Бундан кўзланган мақсад жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши кураша оладиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қодир етук малакали сержант ва офицерларни тайёрлашдир. Бу ўринда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Инсон тақдирини ҳал этишда ходимнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида эса поклик устувор бўлиши шарт» деган сўзлари барчамиз учун дастуруламал бўлмоғи лозим. Бугун саф майдонида тизилиб турган битирувчиларимиз яқиндагина ўз олдига улкан мақсадларни қўйиб, келажакда халқпарвар ички ишлар органи ходими бўлиш орзуси билан Академияга келган эди. Таълим жараёнида улар нафақат касбий, жанговар-жисмоний, балки маънавий-ахлоқий билимларни мукаммал эгаллаб, ўз маҳоратларини мунтазам ошириб бордилар. Устозларидан олган сабоқлари туфайли ўз танлаган мутахассисликларининг етук кадрлари бўлиб етишиб, кичик сержант унвони ва махсус дипломни қўлга киритдилар. Энди ёш мутахассисларимиз юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш йўлида ўзларининг бор куч-ғайратлари, билим ва кўникмаларини сафарбар этадилар.

Маълумки, давлатимиз раҳбари­нинг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар орган­лари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбир­лари тўғрисида»ги ПҚ-3216-сонли қарори билан Ички ишлар вазирлиги академиясида Касбий тайёргарлик факультети ташкил этилган эди. Факультетнинг асосий фаолият йўналишлари сифатида – ички ишлар органларининг сержант ва офицерлар таркиби ходимларини махсус касбий тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш каби вазифа­лар белгиланди.

Факультетда ички ишлар органларининг офицерлар таркиби ходимларини махсус касбий тайёрлаш олий маълумотга эга бўлган фуқаролар учун олти ойлик дастур асосида амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, 2018/19 ўқув йилида факультетга 300 нафар тингловчи ўқишга қабул қилинди. Тингловчилар “Профилактика фаолияти”, “Йўл-патруль хизмати фаолияти”, “Қўриқлаш хизмати фаолияти”, “Патруль-пост хизмати фаолияти”, “Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати фаолияти”, Жазони ижро этиш хизмати фаолияти” ҳамда “Маъмурий фаолият” йўналишлари бўйича билим олдилар. Ўқув жараёни мобайнида уларнинг юксак касбий ҳамда жанговар-жисмоний кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаритилди. Машғулотлар малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар органларида катта амалий тажрибага эга ходимлар томонидан олиб борилди. Ўқув жараёни якунида эса тингловчилар ички ишлар органларида битируволди иш ўрганиш амалиётини ўтадилар.

Ўқув йиғини якунида тингловчиларга “лейтенант” махсус унвони ва диплом берилди.

Тадбирда битирувчилар ва уларнинг яқинлари сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаб, келажакда етук мутахассиси бўлиб етишиши йўлида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни эътироф этиб, битирувчиларнинг хизмат фаолиятига улкан зафар тиладилар.

    Бошқа янгиликлар