15 апрель куни Тошкент шаҳрида B2B форматидаги «Tashkent Travel Mart»тадбири бўлиб ўтмоқда. Унда БАА, Швейцария, Италия, Греция, Грузия, Россия ва бошқа мамлакатларнинг туризм саноати вакиллари иштирок этмоқда.
Республика Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси расмий сайтида келтирилишича, Тадбир Ўзбекистон Республикаси Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳамда «Profi.Travel» бош ахборот ҳамкори қўллаб-қувватлаши остида ўтказилиб, B2B учрашувларда хорижий ва маҳаллий туроператорлар, меҳмонхоналар, авиакомпаниялар, автомобиль ижараси билан шуғулланувчи компаниялар вакиллари қатнашишди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тадбирни очиб берар экан, шундай дейди:
“Бугунги тадбир шуниси билан аҳамиятлики, бундай форматдаги тадбир биринчи марта Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ) ташкилотчилиги остида ўтмоқда. Одатда, бундай тадбирлар давлат ташкилотлари етакчилигида ўтказилар эди, бугун эса бизнинг сайёҳлик ташкилотларимиз ўз ўринларини мустаҳкамлаб, янги ташаббуслар билан чиқишмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда туризм соҳаси фаол ривожланмоқда: 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий фуқаролар сони 2,7 миллион кишини ташкил қилган бўлса, 2018 йилда уларнинг умумий сони 5,4 миллионга яқинлашди. Жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ, яъни, одатда, сайёҳлар оқими кам мавсум ҳисобланувчи даврда Ўзбекистонга келган хориж фуқаролари сони миллион нафарга этди”.
Бош вазир ўринбосари, мамлакатда туризмнинг кўплаб йўналишлари ривожланаётган бугунги кунда хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистонда ўзлари учун яхши ҳамкорларни топиб, ўз бизнесларини янада ривожлантиришларига умид билдирди ҳамда Ўзбекистон ҳукумати бу борада уларнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра Исроилова ва туризм соҳасининг бошқа бир қатор вакиллари ҳам қатнашиб, хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб боришди.






