Халқ таълими вазирлиги томонидан юртимиз умумтаълим мактабларининг 8-11-синф ўқувчилари учун «Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзусида анжуман ўтказилди.
Мазкур анжуман «Ҳуқуқий маданиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган Доҳа Декларациясининг амалга оширилиши бўйича Глобал дастур» ҳомийлигида, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси (UNODC ROCA), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Уч кун давомида ўтказиладиган анжуман иштирокчилари дипломатлар каби БМТнинг расмий тилларида фаолият олиб боради. Анжуман тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.
Анжуманда асосан БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги мавзулар, жумладан, «Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш», «Атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг олдини олишнинг самарали усулларини шакллантириш», «Коррупцияга қарши курашда фуқаролик жамиятининг роли» мавзулари муҳокама қилинади.
Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Халқ таълими вазирлиги томонидан бу каби конференциялар ҳудудий миқёсда ўтказилиши режалаштирилган ва шу орқали ёшлар билан ишлаш соҳасида янги тажрибани амалиётга тадбиқ этиш кўзда тутилган.






