Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан пойтахтимиздаги “Miran international” меҳмонхонасидаўтказилган “Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги илмий-амалий конференция доирасида юқоридаги саволлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Конференциянинг мақсади мамлакатимизда оила мавзусини ёритишда журналистлар этикаси, масъулияти ва маҳорати масалаларини таҳлил қилишдан иборат бўлди. Шунингдек, конференцияда ОАВда ёритилаётган мақолалар жуда кам фоизни ташкил этиши, хусусан бу мавзудаги мақолаларнинг аксариятида жиноят тафсилотлари ёки салбий ҳаракатлар ёритилаётгани, оила муаммоларининг туб моҳияти очиб берилмаётгани, “Оила”илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотларга таҳлилий ёндашилмаётгани ва бу тадқиқотларнинг аксарияти жамоатчиликка хабар тарзида етказилаётгани ҳақида сўз борди.
—Ўтказилган тадқиқотларни, ишлаб чиқилаётган дастурларнифуқаролар онгига сингдириш, оила институти муқаддаслигини ёшларга етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Тошмуҳамедова. — Бугун журналистлар оила мавзусида қандай таҳлилларни олиб боряпти? Ижтимоий тармоқлардаги блоггерлар қандай ахборотларни олишга муҳтож? Бунинг учун нима қилишимиз керак, деган саволларга анжуман давомида, албатта, жавоб олишимиз зарур.
Иштирокчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ва дунё халқлари тажрибаси оила бахтли ва тотув бўлса жамият мустаҳкам, давлат қудратли бўлишидан далолат беради. Шу маънода бугун оила, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий институт сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Анжуманда сўз олган академик Акмал Саидовнинг “Оилани ҳимоя қилиш ҳуқуқи” мавзусидаги фикрлари йиғилганларда қизиқиш уйғотди.
— Дунёда ҳозир 7 миллиарддан ортиқ аҳоли бор, шулардан 85 фоизи оилаларда яшайди, — деди А. Саидов.— Ўзбекистонда эса 7 ярим миллион оила бор. Ғарбда оила институти тўла маънода инқирозга юз тутиб бораётган бир вақтда юртимизда оилани асраб қолиш учун кўплаб ташкилотлар ҳаракат қилмоқда. Хорижда ўтказилган бир тадбирда менга: “Сизларда ажрашмоқчи бўлган аёлга маҳалла фаоллари томонидан рухсат берилмас экан. Ахир бунда аёлнинг ҳуқуқи поймол бўлади-ку?” деган саволни беришди. Шунда мен: “Бизда битта аёлни ҳуқуқи ортида яна3 нафар фарзандни ҳам ҳуқуқи тургани хисобга олинади. Сизларда қанақа билмадиму, лекин бизда битта оилани сақлаб қолиш учун ҳамма ҳаракат қилади”,деган жавобни бердим.
Шунингдек, академик Акмал Саидов келгусида “Оила” маркази ташаббуси билан, оилага бағишланган барча тадқиқотлар библиографиясини тузиш, оилани илмий тадқиқ қилиш бўйича комплекс дастур яратиш ҳамда методологик семинар ташкил этиш каби таклифларни билдирди.
Таъкидландики, ҳозирда турли мамлакатларда оилалардаги ажралишлар сони олти фоиздан саксон фоизгачани ташкил этади. Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чағларнинг таъкидлашича бугунги кунда Туркияда ажримлар сони никоҳ сонидан ошиб бормоқда. Бунга оиладагиқадриятларнинг йўқолиб бораётганлигини сабаб қилиб кўрсатди.
Анжуманда сўз олган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев бугунги кунда боболару бувиларнинг ҳам кўп вақтларини ижтимоий тармоқларга сарфлаши натижасида оилада кекса авлод билан ёш авлод ўртасида мулоқот маданияти йўқолиб бораётгани бу эса ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани хусусида фикр билдирди.
— Болалигим эски шаҳардаги “Кўкча” маҳалласида ўтган, дея ўз ёшлигини эслади Ш. Қудратхўжаев. — Бу 1980 йиллардаги воқеалар. Уйимизда чироқ ўчиб қолса бувим бизга уруш пайтидаги йўқчилик, гижда нонларни сувга оқизиб еб улғайганлари ҳақида эртакнамо ҳикоялар сўзлаб берарди. Бугун ана ўша бир дастурхон атрофида ўтириб мулоқот қилиш йўқолиб боряпти. Шу сабаб оилавий қадриятларни тарғиб қиладиган, ёшлар онгига миллий ғурур сингдириладиган мақола ҳамда кўрсатувларни кўпайтириш зарур. Оилавий муносабатларга путур етказаётган сериалларни керак бўлса тўхтатиш шарт.
Конференцияда оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги муаммоларни давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, ОАВда оила мавзусини ёритишда ўзини оқламайдиган, маънавиятимизга зид стереотиплардан воз кечиш, журналист этикасига доир мулоҳазалар борасидаги фикрлар билдирилди.