АсосийJamiyat

Ўзбекистон аёллари қанчалик фаол

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон аёллари – 2014: ижтимоий мавқе ва кайфият” мавзусида сўров ўтказилди, дея хабар бермоқда uz24.uz нашри.

Сўровда иштирок этганларнинг 92 фоизидан ортиғи ўзи ва оиласи давлатимиз томонидан ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланаётганини билдирган.

Сўров натижасида хотин-қизларнинг социал ва ижтимоий-сиёсий фаоллиги юқори экани маълум бўлди. 91,3 фоиз иштирокчи хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини ижобий баҳолади. Уларнинг фикрича, ҳудудий бошқарув органлари, фуқаролар йиғинлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда.

Иштирокчиларнинг фикрича, замонавий аёл ўқимишли, жумладан, олий маълумотли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу хотин-қизларимиз мавқеининг янада юксалиши, турли давлат идораларида ишлаши учун асосий мезонлардан бири ҳисобланади.

Ижтимоий сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпи ўз йўлини тўғри танлагани ва бу билан фахрланишини билдирди. Хотин-қизлар касб танлашда эркаклар билан тенг имкониятга эга. Уларнинг аксарияти меҳнат соҳасида ўзини тўлиқ ҳуқуқий ҳимояланган, деб билади ва асосий иш жойида яратилган меҳнат шароитларидан мамнун.

Тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг замонавий хотин-қизлари маълумотли, ўз касби ва иш жойига эга, мамлакат ва жамият ҳаётида бевосита иштирок этаётган ижтимоий фаол шахс эканини кўрсатди.

    Бошқа янгиликлар