Роппа-роса уч йил муқаддам, 15 июль санасида Туркия қуролли кучлари таркибидаги бир гуруҳ ҳарбий кийимли хоинлар ҳукуматни ағдаришга уринишганди. Аммо бу ҳаракат қисқа муддат ичида муваффақиятсизликка учради...
Туркия Республикаси фавқулотда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр 2016 йилнинг 15 июль куни рўй берган хоинона давлат тўнтаришига уриниш юзасидан матибуот анжумани ўтказди.
Турк халқининг ғалабаси билан якунланган давлат тўнтаришига уриниш ҳақида сўзлар экан элчи жаноблари ўша кеча бўлиб ўтган воқеаларни қисқача сўзлаб берди:
Соат 22:00 да Истанбул ва Анқара шаҳарлари марказларида пастлаб учаётган ҳарбий самолётлар кўзга ташланиб, ўқ овозлари эшитила бошлади. Бир тўда исёнчилар авиақатновларни тўхтатиш учун йўл ва кўприкларни бутунлай тўсиб қўйишган эди. Кўп ўтмай ҳарбий вертолётлар одамларга ва давлат биноларига қарата ўқ ёмғирин ёғдири бошлади. Баъзи ҳукумат ва ОАВ бинолари исёнчилар томонидан босиб олинди. Одамлар ҳукуматнинг бўлаётган воқеалар юзасидан расмий баёнот беришини сабрсизлик билан кутарди.
Соат 23:30 да Бинали Йилдирим армия таркибидаги муайян қисмнинг ҳукуматни ағдаришга уринганини ва қонунга хилоф қўзғолонни уюштирганларнинг жазога тортилиши муқаррарлигини таъкидлади. Шу билан бирга ўша дамда Туркия қуролли кучлари давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.
Шунга қарамай соат 00:13 да исёнчилар ТРТ биносини қўлга олиб, “Қонунийлигини йўқотган ҳукумат фаолиятига чек қўйилди” дея комендантлик соати бошланганини ва аҳолига кўчага чиқиш таъқиқланганини эълон қилишди. Орадан кўп ўтмай, яъни соат 00:30 да Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўған CNN телеканали билан мобиль телефондан видеомурожаат орқали боғланиб, халққа мурожаат билан чиқди. Президент халқдан бошқа кучни тан олмаслигини айтади ва халқни майдонларга чиқишга чорлайди. Аҳолини қўзғолончиларга қарши руҳлантириш мақсадида мамлакатнинг барча жомъе масжидларида саловат ўқилади. Мамлакат кўчаларига чиққан аҳолига исёнчилар ўқ узишда давом этишади ҳатто одамлар устига танклар билан бостириб боришади. Ўша тунда парламент биносига бомба ташланади, бу пайтда бинода депутатлар бор эди. Лекин шунга қарамай халқ чекинмади, тунни майдонларда ўтказди.
Соат 03:07да президентРажаб Таййиб Эрдўған ўтирган самолёт Истанбулга етиб келади. Полиция ходимдари туни билан исённи бартараф этиб, назоратни қўлга олишга эришадилар. Кўп ўтмайдавлат тўнтаришига уриниш Фатҳуллоҳчи террор ташкилот томонидан режалаштирилгани ва амалга оширилганлиги маълум бўлади. Аммо бу хиёнаткорона уруниш ҳукумат ва халқ томонидан бир неча соат ичида бартараф этилади. Афсуски, бу қўзғолон қурбонсиз бўлмади, ўша тунда исёнчиларга қарши чиққан 251 киши ҳаётдан кўз юмди, 2000 дан ортиқ фуқаро эса яраланди.
Лекин бу оддий халқнинг давлат тўнтаришига қарши ғалабаси эди. Эртаси куни ўн минглаб кишилар майдонларга тўпланиб, ғалабани қутлади.
Биз ҳар йили шу кунни алоҳида эътибор билан тилга оламиз, қурбон бўлганларни хотирлаймиз, халқ ғалабасини нишонлаймиз. Бу тун ҳеч қачон такрорланмаслигини тилаймиз, – деди Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр
Жаноб элчи Туркия давлатини ағдариб ташлашга уриниши ҳақида гапирар экан, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Ўзбекистонда ҳамГулен таълимоти авж олганини, лекин Ўзбекистон раҳбариятининг одилона сиёсати туфайли фалокатнинг олди олинганини алоҳида таъкидлади.
Дилфуза СОБИРОВА






