АсосийJamiyat

Саховат, меҳр-мурувват инсонни улуғлайди

'Саховат, меҳр-мурувват инсонни улуғлайди'ning rasmi

Халқимизга хос миллий қадриятларимиздан бўлган меҳр-мурувват ва саховатпешалик фазилатлари нафақат умумхалқ байрамлари арафасида, балки доимо юртдошлармизнинг эътиборидан четда қолмаган.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга, кам таъминланган, якка ёлғизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар давлатимиз ва мурувватли инсонлар томонидан холидан хабар олинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Қоралпоғистон Республикаси
ва Сурхондарё вилояти маҳаллаларида кекса авлод вакиллари, ёшлар ва маҳалла фаоллари иштирокида “Осойишталик учун барчамиз масъулмиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Шу пайтга қадар бундай тарғибот тадбирлари 20 га яқин маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилди.

Мазкур учрашувлардан сўнг Институт профессор-ўқитувчилари кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва якка ёлғиз кекса авлод вакиллар, ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг уйларига бориб, улар билан мулоқотлар чоғида баён этилган муаммо ва камчиликларни кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Ҳашарлар уюштирилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ”Токтов” овул фуқаролар йиғинида яшовчи 2-гуруҳ ногирони, 1988 йилда туғилган Мухаббат Давлетбаеванинг хонадонига ташриф буюриб, унинг ҳолидан хабар олинди.

– Мен 2008 йил турмуш қурдим, – дейди Муҳаббат Давлетбаева. – Биринчи фарзандим дунёга келгандан кейин соғлиғим бўлмади. Аввал унчалик эътибор бермадим, кейинчалик шифокорлар кўригидан ўтганимда “икки буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан касал эканлигим маълум бўлди. Ҳозирги кунда доимий даволаниб тураман, менга оила аъзоларим, қўни-қўшниларим уй ишларимга ёрдам бермокда. Холимиздан хабар олиш учун бугун уйимизга келганликлари ва муаммоларимизни тинглаганликлари учун
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

– Турмуш ўртоғим Акбар Шобердиев 2011 йилда оламдан ўтди,
– дейди биз билан суҳбатда Сурхондарё вилояти Термиз тумани Шароф Рашидов номли маҳалласида яшовчи Саломат Пардаева. – Уч нафар фарзандим бор, каттаси 15 ёш, кичиги 10 ёшда. Отаси оламдан ўтганда фарзандларим ёш эди, бугун эса уларнинг саволларига тўлиқ жавоб бера олмайман. Бир томондан эса ҳам эркак, ҳам аёл бўлиб рўзғор ташвишларини ҳал қилишим керак. Шукур. Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари уйимга келиб, муаммоларим билан қизиқиб, камчиликларни бартараф этиш чораларини излаяпти. Бунинг учун Вазирлик ва Институт раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.

Дуога қўл очган Саломат Пардаева “ўғлим ҳам сизлар каби Ватанимиз учун муносиб хизмат қиладиган йигит бўлсин”, деди.

Онаси билан бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларининг суҳбатларига қулоқ солиб турган 10 ёшли Шахобиддин даврага қўшилиб “мен ҳам онамдек кучли, иродали бўламан” дейди. Бунинг учун меҳнатдан қочмаслигим, ўқиб-ўрганишим лозимлигини биламан. Келгусида шифокор бўлишни ният қилганман. Бунга эришиш учун албатта ҳаракат қиламан.

– Оиламда 15 нафар киши истиқомат қилади, шулардан мен ва
2 нафар ўғлим ишлаймиз, оиламизда вақтинчалик етишмовчилик бўляпти. Маҳалла фаоллари, қўни-қўшниларга раҳмат қўлларидан келгунча ёрдамлашмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ”Қўрқинчи” овул фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган оила бошлиғи Турсунбой Абдиев. – Бугун оиламнинг холидан хабар олиш учун келган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларини кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Малака ошириш институти жамоасининг халқимиз ичига кириб бораётган ҳамда амалда кўрсатилган саховатга йўғрилган мурувватлари таҳсинга сазовордир.

Дарҳақиқат, ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини эзгу ишларга бағишлаш, хайрли юмушларни бажариш, фарзандларнинг бахтини кўриш, тинч, осойишта, дориломон кунларда яшаш ҳақиқий бахтдир.

Хотима ўрнида айтиш жоизки, тинч-осойишта кунларнинг қадрига етиш, кексаларга ҳурмат кўрсатиш, ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларга ғамхўрлик қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз.

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда соҳа ходимларининг малакасини ошириш бўйича сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда кам таъминланган оилалар, якка ёлғизлар, ногирон фуқаролар ҳолидан хабар олишдек эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар