Самарқандда қизамиқ эпидемияси тарқалгани ростми?

САЛОМАТЛИК 13.08.2019, 16:30
Самарқандда қизамиқ эпидемияси тарқалгани ростми?

UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида Самарқандда ўтказилган тадбирда вилоятда қизамиқ эпидемияси тарқалганлиги тўғрисидаги хабарларга аниқлик киритилди.

Тадбирга таклиф этилган вилоят давлат санитария-эпидемиология маркази бош врачи ўринбосари Зулфия Қўчқорова ҳолат юзасидан изоҳ берди.

«Бир неча кундан бери Самарқандда эпидемия тарқалгани — қизамиқ касаллиги билан ётқизилганлар сони юзлаб экани таъкидланмоқда. Гап шундаки, аслида 371 нафардан ортиқ бемор билан қизамиқ учун таҳлил ўтказилганди ва бу ҳақда жамоатчиликка хабар берилганди. Бу хабар «Самарқандда қизамиққа чалинган беморлар сони 371 та экан», қабилида тарқатиб юборилди. Ҳолбуки, юқоридаги таҳлил натижаларидан сўнг вилоятда жами 29 нафар бемор қизамиққа чалингани аниқланди.

Шу тарзда 2019 йил январдан 5 августгача бўлган муддатда Самарқанд вилоятида 29 нафар кишида қизамиқ касаллиги аниқланган. ЖССТнинг хулосасига кўра, мамлакатимизга қизамиқ вируси бошқа давлатлардан кириб келганлиги тасдиқланди. Юртимизда ҳар бир фуқаро қизамиққа қарши эмланади», деди Зулфия Қўчқорова.

Шунингдек, UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан айни вақтда юртимиздаги умумий эпидемик вазият ҳақида ҳам ахборот берилди. Унга кўра, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар мобайнида қайд этилмаган. Ваколатхона вакили Наргиза Эгамбердиеванинг Kun.uz мухбирига тақдим этган маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 2,5 миллиондан ортиқ болалар эмланади, эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори кўрсаткичларда, иммунизация бепул, мажбурий ва қулай, ҳудудларимизда 3000 дан ортиқ эмлаш пунктлари мавжуд, ЖССТ ва UNICEF билан ҳамкорликда вакциналар билан узлуксиз таъминлаш, совуқлик занжирига риоя этиш йўлга қўйилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1