Янги қонун кучга кирди
Аёл зоти табиатнинг нозик хилқати, деб таъриф берилиши бежиз эмас. Ҳақиқатан хотин-қизлар эътибор ва ҳимояга доим эҳтиёж сезади.
Аммо ҳаёт доим бир текисда давом этмайди. Айрим ҳолларда хотин-қизлар турли шафқатсизликларга ҳам дуч келади. Албатта, бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинган.
Эндиликда эса хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида янги “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Шу йил 3 сентябрдан кучга кирган мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан биргаликда ишлаб чиқилган қонун 35 моддадан иборат.
Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан.
Қонун билан таянч тушунчалар жорий этилди. Яъни зўравонлик, жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий зўравонликлар, иш жойи, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби тушунчалар киритилди ва мазмун-моҳияти очиб берилди.
Эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, улар махсус марказларда, ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олади. Ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли. Ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат этишлари ҳам мумкин. Судга мурожаат этганида улар давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Қонун билан давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсати юритилади. Давлат дастурлари ҳамда стратегиялари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳити яратилади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаб ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Қонунда фаолияти хотин-қизлар билан боғлиқ бўлган барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланди.
Бундан ташқари, қонунда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни хабардор қилиш тартиби ўрин олди. Бунинг моҳияти шундаки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизмини яратади. Яъни туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) фаолияти йўлга қўйилади.
Профилактика суҳбати ўтказишга оид меъёрлар ҳам белгиланди. Бундай чора тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан уни содир этишга мойил шахслар билан ўтказилади. Бу жараёнда шу шахсга жамиятда умумқабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этиш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтирилади. Акс ҳолда жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади.
Қонундаги энг муҳим жиҳат – ҳимоя ордерини бериш билан боғлиқ. Эндиликда тазйиққа дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилади. Қонунда ордер бериш тартиби, унинг муддатини узайтириш, ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар акс этган.
Бундан буён ваколатли органлар ҳамда тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ташкилотлар жабрланувчиларига тиббий, ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар ташкил этиши мумкин.
Зўравонлик ҳолати мавжуд бўлганда тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисининг ёки унинг қонуний вакилининг бошпана бериш тўғрисидаги талаби бўйича тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар уларнинг махсус марказларга жойлаштирилишини таъминлайди.
Бундай марказга жабрланувчи ўттиз кунгача бўлган муддатга жойлаштирилади. Зарурат бўлган ҳолда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин. Муддат тугагач жабрланувчига хавф мавжуд бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт.
Махсус марказга жойлаштирилган шахсларнинг иш жойи сақлаб қолинади. Унинг махсус марказда бўлиш вақти машғулотларни ўтказиб юбориши муносабати билан таълим муассасасидан ҳайдаш учун асос ҳисобланмайди.
Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зўравонликка мойил шахснинг хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. Бундай шахслар зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.
Умуман олганда, қонун жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга бўлган ҳурматни ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.