1

​Олий таълимда туб бурилиш: 12 хориж ўқитувчилари, кредит тизими ва 2 та диплом — “Ипак йўли” туризм халқаро университетида янги ўқув йили бошланди

ЖАМИЯТ 25.09.2019, 21:35
Теглар: Талаба
​Олий таълимда туб бурилиш: 12 хориж ўқитувчилари, кредит тизими ва 2 та диплом — “Ипак йўли” туризм халқаро университетида янги ўқув йили бошланди

2018 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилган эди. 2018/2019 ўқув йилида мазкур университетга 9 та таълим йўналишида 137 нафар, 2019/2020 ўқув йилида эса 400 нафар ёшлар ўқишга қабул қилинди. Ушбу университет туризм соҳасида бакалавриат ва магистратура йўналишларида мавжуд бўлган деярли барча хизмат турлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Бу ерда талабалар 3 та йирик таълим йўналишлари: иқтисодиёт фанлари, коммуникация, гуманитар фанлар бўйича таълим олади. Ўтган йили университетда ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилган бўлса, маълумотга кўра, жорий йилдан дарслар инглиз тилида ўтилади.

Кеча, 24 сентябрь куни вилоят Ёшлар марказида янги талабалар учун “Welcome to the University!” (Университетга хуш келибсиз!) номли тадбир ўтказилди. Унда талабалар, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар ҳамда университет ректори иштирок этди.

Азиз АБДУҲАКИМОВ, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, “Ипак йўли” туризм халқаро университети ректори:

Мазкур таълим маскани яқинда ташкил этилганига қарамасдан бугунда Ўзбекистондаги туризм соҳасига ихтисослашган биринчи университетга айланишидан умидвормиз. Биз университетдаги республикамизда ҳали кузатилмаган ва хориж тажрибасига эга таълим даражаси билан фахрланамиз. Зеро, ушбу университетда бугун фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар таркибининг 30 фоизи хорижий илғор олий таълим муассасаларидан келган профессор ўқитувчилардир. Жорий йилдан 12 нафар хориж профессорлари фаолиятини бошлайди. Ўйлайманки, бу катта қадам бўлади.

Қисқа вақт ичида Ўзбекистон тарихида биринчилардан бўлиб талабаларни ҳамкорликда ўқитишга қаратилган қўшма дастурлар, яъни Double degree йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда талабаларга уч томонлама — Triple degree дастури бўйича ўқитиш лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Double degree қўшма дастури мазкур университет талабаларига хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида таълим олиш, малака ошириш, тажриба ўрганиш имкониятини беради. Унга кўра 4 йиллик таълимнинг икки йили Ўзбекистонда, икки йили ҳамкорлик қилинаётган мамлакатда амалга оширилади. Ушбу дастур бўйича таълим олган талабаларга икки университетнинг ҳам дипломлари берилади. Яъни бундай диплом ҳам Ўзбекистонда, ҳам хорижда амалда бўлади.

Қайси хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилинади?

Университет жаҳоннинг 13 та илғор олий таълим муассасаларида ҳамкорларга эга бўлиб,улар орасида Гуйлин туризм университети (Хитой), Суракартадаги Сахид политехника институти, Гуанадармадаги туризм ва меҳмондорчилик менежменти институти (Индонезия), Римшароб тортиқ қилиш санъати мактаби (Италия), Париж туризм академияси (Франция), Логистика олий мактаби (Чехия), Сочи давлат университети (Россия) ва бошқалар мавжуд.

2018/2019 ўқув йили давомида “Ипак йўли” туризм халқаро университети томонидан Европа, Америка, Австралия ва Жануби-Шарқий Осиёнинг 14 дан ортиқ илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Бутун дунё бўйлаб жойлашган компаниялар, олий таълим муассасалари ва тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилади, бу эса талабаларга, деярли текин равишда, танланган ихтисослик бўйича хорижда таълим олиш ва малака ошириш имкониятини беради. Бундан ташқари, талабалар Erasmus+ дастурларида қатнашиб, стипендия олиш имкониятига ҳам эга.

Иш топиш масаласи қандай йўлга қўйилади?

Статистик прогнозларга кўра, “Ипак йўли”туризм халқаро университети талабаларининг 92 фоизи ўқишни битиргандан сўнг 6 ой давомида иш топишлари мумкин. Иш топишда битирувчиларга университет қошида ташкил этилган Career Service, яъни битирувчилар ва кичик курс талабаларига иш топишда кўмаклашувчи хизмат маркази ёрдам кўрсатади. Career Service маркази талабалар бўлажак иш берувчилари билан танишиши мумкин бўлган иш жойлари ярмаркаларини ташкил этиб, унинг давомида талабалар мутахассислардан ишга жойлашиш борасида маслаҳат олиши ҳамда манфаатли ва фойдали малака ошириш курсларини танлашлари мумкин.

Келгусида Марказ томонидан талабаларга бўлажак иш берувчилар, янги бўш иш ўринлари, бўш иш ўринлари ярмаркалари ҳақида маълумот олиш имкониятини берувчи Silk road careers fair plus махсус мобил иловасини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Гулрухсор МУРОДУЛЛАЕВА, талаба:

— “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг бакалавр йўналишига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилиндим. Туризм — мамлакат тараққиёти учун катта фойда келтирадиган соҳадир. Насиб қилса, ўқишни тамомлаб, ўзим қизиқадиган йўналиш – меҳмонхона менежменти, оммавий тадбирлар менежменти бўйича етук кадр бўлиб етишмоқчиман.

Абдулазиз СУЯРОВ, магистр:

Мен ҳам мазкур университетнинг магистратура босқичига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилиндим. Ўзим Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг “Меҳмонхона хўжалигини ташкил қилиш ва бошқариш” йўналишида бакалавр босқичини тамомлаганман. Ҳамда Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибиман. Бу ерда хорижий ўқитувчиларнинг таълим бериши, ўқитишнинг кредит тизими қўлланилиши мени қизиқтирди. Келажакда илмий ва ижтимоий ҳаётда туризм ривожига ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Халқаро стартаплар тажрибасини туризм соҳасига киритмоқчиман.

Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳасидаги илк олий таълим муассасаси мақомига эга бўлган университет бежиз Самарқандда жойлашмаган. Зеро, Самарқанд — Марказий Осиёнинг беқиёс минтақасидир ва Ғарбда Оксфорд университети эгаллаб келаётган мавқега эга. Бу замин ўз алломаларига эга, Шарқда илм ва билим марказидир.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

  • таълим стандартлари, малакавий талаблар, ўқув режалари ва ўқув дастурлари, шунингдек, талабалар билимларини баҳолаш тизимини мустақил равишда ишлаб чиқиш;
  • профессор-ўқитувчилар таркибининг фаолият турлари бўйича вақт меъёрларини белгилаш;
  • Университет таълим йўналишлари бўйича педагог кадрларни, шунингдек, туризм соҳаси субъектлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
  • туризм соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Университет Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда янги истиқболли ўқув йўналишлари ва мутахассисликларини очиш;
  • бакалавриат, магистратура ва олий ўқув юртидан кейинги таълим йўналишлари бўйича етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини жорий этиш.

Хорижликларга виза бор...

Шунингдек, университетга жалб этиладиган хорижий ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзоларига кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда, ШҲТга аъзо давлатлардан бўлган талабаларга эса уларнинг университетда бутун таълим олиш даврига узоқ муддатли кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилиши таъминланади.

Муниса АЛИЕВА

Шарҳлар

2022 йилдан бошлаб "Мирзо Улуғбек ворислари" республика танлови ўтказилади

22.01.2022, 11:21

2022 йилдан бошлаб ҳар йили «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танлови ўтказилади.Танловни ўтказишда:I босқич февраль-март ойларида туман (шаҳар)ларда ўтказилади ва унда энг юқори натижага эришган ҳар...
Талабаларга темир йўл чипталари учун 50 фоизли чегирма 25 декабрдан берилади

25.12.2021, 21:07

Олий ва ўрта таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқувчиларнинг қишки таътилида доимий турар жойларига бориб келишларига қулайлик яратиш мақсадида, ҳар йили 28 декабрдан 10 январгача поезд...
Олий таълим вазирлиги эмланган талабалар учун хушхабар эълон қилди

16.12.2021, 08:37

Аввалроқ талабалар контракт пулини тўлаш муддати узайтирилгани ҳақида маълум қилган эдик. Унга кўра, тўлов-контракт маблағларини тўлаш 2021 йилнинг 31 декабрига қадар мумкин этиб қўйилди.Шунингдек, Олий...
Ижарада яшовчи талабалар учун муҳим янгилик эълон қилинди

27.09.2021, 11:07

Талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланди.Ҳукумат Қарори билан Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1