АсосийSiyosat

Сенат табиий газ қувурлари тизими ҳолати юзасидан Ҳукуматга парламент сўрови юбормоқчи

'Сенат табиий газ қувурлари тизими ҳолати юзасидан Ҳукуматга парламент сўрови юбормоқчи'ning rasmi

Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисини жорий йил 11 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимизнинг яқин келажакда ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи, тараққиётининг янги босқичидаги мақсадларни амалга оширишга қаратилган, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига йўналтирилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилган.

Шунингдек, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги, “Меценатлик тўғрисида”ги, “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.

Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари, баъзи давлат органларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонунлар сенаторлар томонидан кўриб чиқилади.

Сенат аъзолари ота-оналар қаровисиз қолган ва меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар, табиий газ қувурлари тизими ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш тўғрисидаги масалаларни ҳам муҳокама қиладилар.

    Бошқа янгиликлар