Танаффус вақти берилган уйга вазифани муҳокама қилиб ўтирган эдик. Адабиёт ўқитувчимиз кириб келди-ю дарс бошлангунча индамасдан хонада бизни кузатиб ўтирдилар.Сўнгра берилган топшириқ: Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асари юзасидан савол бера бошладилар:
-...Майли энди, ғояни ҳар бир қалб ҳар хил тушунади. Сиз, асар тилига эътибор бердингизми?
... Ҳамма оғзига талқон солгандек жим қолди. Ҳақиқатан ҳам, бўлажак тилшунослар бўла туриб танганинг иккинчи томонини назардан четда қолдирибмиз. Кейин устоз қўлига китобни олди-ю ўн олти ёшли Бобур Мирзонинг: "Ишондим, онажон! Сиз билан эгачим менинг дилимда ўчиб қолган умид чироқларини қайта ёндиргандай бўлдиларингиз.", - жумлаларини келтириб секингина гап бошлади.
- Ушбу парчада нимани кўрдингиз?
- ...
- Мана гап нимада! Қаранг! Бобур опасига "эгачим", яъни онамдан кейинги эгам дея қилаётган мурожаатида халқимизнинг қанчалик маданият соҳиби эканлигидан далолат беради. Қаҳрамоннинг гарчи тахт вориси, йигит киши бўлишига қарамай, ожизага эгам, хўжайним тарзидаги чексиз ҳурматини ёзувчи шу даражада чиқариб берганки ( эгачи эмас адабий тил меъёри доирасида опа сўзини айттирганда ҳам бўларди-ку), таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ. Бу ҳам тилимизнинг яна бир яширин қирраларидан усталик билан фойдаланишдир. Бу сингари ажабтовур ихтиролар асарда керагидан ортиқ топилади. Ҳаракат қилсангиз, нафақат, "Юлдузли тунлар"дан балки, бошқа ижодкорлар меросидан ҳам кўплаб топиш мумкин...
Рости, жуда уялдим. Ўзим ижодий машқлар қилиб юриб асарларга ҳеч шу жиҳатдан "разм сол"маганимдан койиниб, уйга борибоқ синчиклаб ўқий бошладим. "Тоғойим", "амаким" янглиғ бир қатор каломларининг ма‘носи борасида мулоҳаза юритар эканман, ўзимга ўзим шарҳ қилганимда, чиндан ҳам, "тоғойим" ойимнинг тоғи, "амаким" аммамнинг акаси сўзларидан қадимда ҳам бизнинг аёлларга нисбатан катта эҳтиром билдирилганлигини П. Қодиров жуда чиройли далиллаб бера олганлигига иймоним комил бўлди. Бундан ташқари ҳам кўплаб мана шундай чуқур мушоҳадага чорлайдиган истилоҳларга гувоҳ бўлдим. Мутолаа жараёнида шу йўлдан борса, ҳар қандай китобхон ҳам бемалол туркий тилимизнинг қанчалик бойлигига қайта-қайта ишонч ҳосил қилса бўлади, десам адашмайман.Бу ҳарфлар бирикмасининг ҳар бири тагзаминига"кириб борган"им сайин худди кашфиёт яратгандек завқ бағишлади. Мен бу ишни мунтазам давом эттирганим сари "зар қадрини заргар билади" деганларидек, сўздан сўзнинг фарқини тушуниб боряпман шекилли, тилимизнинг шевага хос ва четдан ўзлашиш ҳисобига бойиши, айрим ҳолларда адабий нутқ меъёрларининг бузилишига олиб келаётганининг билвосита шоҳиди бўлаётирман. Шу билан бир қаторда сўзлашув услубининг ёзма нутққа кенг кўламда кириб келиши муаллифларимиз билим доирасининг пасайиши билан бирга ўқувчи савиясининг тушиб кетаётганидан далолат. Энг оғриқли ўрни, бу айни пайтдагина эмас, аввалдан, сурункали давом этаётганидадир. Сабаби шундаки, айнан шунга ўхшаш ҳодиса тўғрисида ўтган асрнинг бошлари ва ўрталарида ижод қилган публицистикамизнинг ёрқин вакилларидан тортиб, адабиётимизнинг етук дарғалари орасида катта муҳокама бўлган "касаллик"нинг ҳозиргача ҳам камайиши ўрнига қамровининг кенгайиб бораётгани ҳадик уйғотади, кишида. Наҳотки, биз тилимизга шунчалик эътиборсизмиз?!
Тўғри, ҳеч қайси тил фақат ўз ҳудудида яшамайди, бироқ ҳар қандай оқимни ҳам борича ёки тизим доирасида қабул қилдириш тил муҳандислари бўлмиш ёзгувчига боғлиқ.Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, баъзан бадиий ёзилган ижод намуналарида лаҳжага хос сўзларнинг (ҳали, ҳолиям, ҳам боғлов-юкламанинг ямга айлаиб кетиши ва б.)меъёрдан ошиши натижасида ғализликларга дуч келамиз, айниқса сўзлашув услубидан керагидан ортиқ фойдаланиш (масалан: келаяпмиз сўзидаги ўзак ва замон қўшимчаси орасидаги а товушининг орттириб оғзаки нутқдан, ёзмага олиб кириш; тоғга эмас тоққа; орзум ўрнига орзуйим қабилида ишлатиш ва ҳоказо)ҳисобига адабий, имловий жараёнимизга қаттиқ таъсир кўрсатаётгани ташвишланарли ҳол. Оммавий ахборот воситаларида бу анча салмоқли қисмни ташкил қилишдан ташқари, таржима асарларига ҳам қармоқ ташланаётгани баъзи битикларда ўзлашмаларнинг изоҳсиз қўлланилиши оқибатида ўқувчида маънони нотўғри тушуниш ва сўздан ноўрин фойдаланиш ҳисобига ҳам нуқсонларимиз сони "болалаб" бораётганини айтиб ўтишимиз жоиз.
Тилни қайтариқлардан асраш мақсадида унинг имкониятларидан фойдаланишимиз мумкин, лекин, чегара тушунчаси бор. Асалнинг ҳам ози ширин. Бемор қанчалик оғир бўлмасин, ҳаёт-мамот масаласи шифокорнинг қўлида.Исбот ўрнида, Ўзбекистон халқ шоири Э.Воҳидовнинг "Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз" мақоласида "...баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади."-дея жонкуярлик билан айтилган хитобидан ҳам англаш мумкин.
Хусусан, фуқаро (камбағалнинг кўплик шакли), ахборот (арабча - хабарнинг кўплиги), фузало( фозил яъни олимларнинг гуруҳи) ва шунга ўхшаш бошқа атамалар юқоридан кўриниб турибдики, грамматик ўринсиз -лар қўшимчасининг қўшилиши оқибатида сўзнинг бузилишини шунчаки қабул қилаётганимиз аслида кундек равшанлигини тан олишни истамапмиз холос.
Бироқ тан олиш керакки, М.Раҳмонов, Э.Бегматов, С.Иброҳимов, А.Аҳмедов, А.Ҳожиев сингари фидоийларимизнинг беминнат хизматлари эвазига яратилган "Ҳозирги ўзбек адабий тилининг имло луғати"(1995), хусусан Ш.Раҳматуллаевнинг кўп йиллик самарали меҳнати туфайли дастлабки этимологик луғатимиз вужудга келди.Халқимизда "мен бўламан ўттиз, сен қиласан тўққиз" ибораси бежиз қўлланмагани шу ердан маълум-да. Олимларимиз "ошимизни оғзимизга солиб" қўйса-да, хоҳ бадиий, хоҳ у публицистик, ёки расмий услуб бўлсин ижодимизга бефарқларча ёндашув, такаллумни нотўғри ва ноўрин қўллаш, дунёни сув босса ўрдакка не ғам қабили остида оёғимизга болта ураётганимиз кун келиб сўнги пушаймон ўзингга душманга айланган чоғида тилимиз кўркини йўқотмасада, биз ўзлигимиздан ажралиб қолмасак бўлди
Умида Сатторова, талаба