1

Амир Темурни Чехияда қандай тасаввур қилишган?

МОЗИЙДАН САДО 25.10.2019, 11:59
Амир Темурни Чехияда қандай тасаввур қилишган?

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темурнинг номи асрлар мобайнида Шарқу Ғарбда буюклик, тож-тахт, салтанат тимсоли бўлиб келади. У ҳақда жуда кўп тарихий, илмий ва бадиий асарлар яратилган. Хусусан, Ғарбда яратилган кўплаб асарларда Амир Темур шахсиятига берилган ҳаққоний ва холисона баҳони кўриш мумкин. Шу билан бирга баъзи асарларда унинг номи афсона ва ривоятларга қоришган ҳолатда акс эттирилади. 

                                 Соҳибқирон довруғининг акс-садоси

Амир Темур ҳақида Европада битилган тарихий асарлардан бири чех тилидаги “Hystorya o Tamerlánowi Králi Tatarském” (Татар подшоси Амир Темур тарихи) китобидир. Асар дастлаб итальян ёзувчиси Пьетро Перондино томонидан лотин тилида ёзилган бўлиб, “Буюк ҳукмдор Амир Темурнинг ҳаёти” (Magni Tamerlanis Scytherum Imperatoris Vita) деб номланган. У илк бор 1553 йилда Флоренцияда нашр этилган. 

Уни чех тилига Бартоломей Мацер таржима қилган. Бугунги кунда ушбу нашрнинг тўлиқ нусхаси Чехия Миллий кутубхонасида сақланади. Китоб муқовасига ишланган суврат ҳам Амир Темурга тегишли эмас. Аниқланишича, унда анча аввал чоп этилган китоб муқовасидаги эски расм – чех қиролларидан бирининг тасвиридан фойдаланилган. 

Чех тилидаги таржима аслиятидан анча фарқ қилади. Бироқ асардаги жуда кўп маълумотлар Амур Темур шахсияти, унинг ҳаётига оид ҳақиқатларга тўғри келмайди. Китобда айтилишича, саркарда 1353 йилда Мароканд (Самарқанд назарда тутилган бўлса керак) яқинида туғилган. Унинг отаси шу атрофдаги ўрмонларда чўпонлик қилган. Темур илоҳий кучлар таъсирида қашшоқлик ва бошқа қийинчиликларни енгиб, кўплаб Шарқ мамлакатлари ҳукмдорига айланади. Унинг бошчилигида Самарқанд Шарқнинг энг гўзал шаҳрига айланади, дунёнинг катта бойликлари у ерга оқиб борган. 

“Юз миллион қўшинга эга бўлган”

Ушбу асарда Амир Темурнинг турк султони султон Боязид билан жанги, Европа ҳукмдорлари билан дўстона алоқалари ҳақида сўз юритилади. Муаллиф унинг муваффақиятли ҳарбий ютуқларини алоҳида таъкидлаб ўтади. Шу билан бирга унинг ёнида бўлган яқинлари ва дўстларини ҳеч қачон унутмаган. Темур эришган ютуқлари туфайли тез орада «Бахтли қилич» (скифлар тилида Temirus Guthlus) деб ном олган. Кейинчалик у оқсоқлиги сабаб, рақиблари томонидан Темурланг деб аталади. Бу ном кейинчалик Европада Тамерлан атамаси келиб чиқишига сабаббўлган. 

Ўша пайтларда Европада усмонийларга бўлган қўрқув орта бошлаганди, шу боис Византия императори Эммануэль Боязидга қарши курашда Амир Темурдан ёрдам сўрайди, ўша даврда “у юз миллионга яқин пиёда ва отлиқларга эга эди”. 

Китобда ёзилишича, саркарданинг турмуш ўртоғи бақтриялик ҳукмдорнинг қизи бўлган ва у иккита ўғил — Ассенбек ва Усункасонларни туғиб берган. Саркарда 1402 йил 27 январда 50 ёшида нафас қисишидан вафот этган. Унинг ўлимини ўша кунларда уфқда пайдо бўлган комета башорат қилган.

Темурнинг ўғилларидан ҳеч бири отасининг ажойиб хусусиятларини мерос қилиб олмаганлиги таассуф билан эсланади. Ўғиллари отасининг вафотида бир-бирига қарши жанг бошлаган, бундан фойдаланган тобе мамлакатлар  исён кўтариб озодликка чиққан. Иккала ўғил зурриётсиз вафот этиб кетган ва салтанат тарқалиб кетган. Ушбу маълумотни Мацер қаердан олганлиги сир бўлиб қолмоқда (лотин тилидаги нусхасида бундай маълумот йўқ).

                                 Аслида ҳаммаси бошқачароқ эди

Албатта, кўриниб турибдики, Амир Темур ҳақидаги маълумотлар бу китобда бироз бошқачароқ кўринишда берилган. Аслида Соҳибқирон 1336 йил 9 апрель куни Шаҳрисабз яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилган. Унинг отаси туркийларнинг барлос уруғи бекларидан бири эди. 

У ўз салтанатини ислом аҳкомлари асосида барпо этди. Имкон даражасида барча қўл остидаги мулкларни шариат арконлари асосида бошқаришга ҳаракат қилди. Унинг жуда кўп аёллари, ўғил қизлари бўлган. Манбаларда унинг Умаршайх, Жаҳонгир, Мироншоҳ, Шоҳрух исмли ўғиллари бўлган. 

Китобда тилга олинган “Амир Темур ва Ассенбек” аслида бир киши — Оққўюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасаннинг Европада тарқалган исмларидир. Ўз даврида Узун Ҳасан ўзини темурийлардан деб эълон қилган. Шу боис чехиялик таржимон ҳам Узун Ҳасанни Амир Темурнинг ўғли деб ўйлаган бўлиши мумкин. Амир Темурнинг “юз миллион қўшин”га эга бўлиши ҳам шунчаки муболаға. Чунки ҳали дунё тарихида бундай улкан армияга ҳеч бир салтанат эга чиқолмаган. 

Амир Темурнинг авлодларидан ҳеч ким қолмагани ҳақидаги хабарлар ҳам нотўғри. Чунки унинг энг сўнгги авлодлари 1858 йилгача Ҳиндистонда ҳукмронлик қилишган. 

Мазкур китоб тарихий хатолардан холи бўлмаса-да, у ўрта асрларда Европада Амир Темур ҳақидаги тарқалган қарашларни ўрганишда катта аҳамият касб этади. Нима бўлганда ҳам, бу пайтда Амир Темур Ғарбда адолат, тенглик ва ҳукмронликнинг барқарор тимсолига эга бўлиб улгурган эди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1