1

Наргис сотувчи киши

МУТОЛАА 30.10.2019, 16:31
Наргис сотувчи киши

 

Айюб Ғиёс (Озарбойжон)

Озғин, узун бармоқлари совуқдан тўнгиб қолганди. Наргис дасталарини қўлида тутганча, ўтган-қайтганларга термилар, аммо гапирмасди. Одамлар қайгадир шошишар, ҳеч ким тўхтамас, биров унга боқмас, хўдди ҳамма ундан қочаётгандек эди. 

Ошхона деразасидан бир муддат унга қараб ўтирдим. Қизимнинг овозини эшитмаганимда, балки ҳалиям қараб ўтирган бўлармидим? 

– Ойи, чойингиз совуб қолди. 

Ўгирилиб кулимсирадим. Кўзларим стол устида турган гулдонга тушди. Бир неча кундирки,  ҳар кун  ишга бораётиб, 2 манатга бир даста наргис сотиб олар, ҳар куни иш столимда турган гулларнинг ҳидидан роҳатланар, ишдан қайтишда уларни  уйга олиб келардим. Энди ошхонани ҳам наргис ҳиди тутиб кетганди. Қизим хам наргисни ёқтиришини биламан. Наргис ифори уйимизнинг бетон деворларига, ҳатто совуқ, мен ижирғанадиган  ётоғимга, кўрпа-тўшакларгача   ҳам сингиб қолган.

...У билан 10-синфда ўқиб юрганимизда танишдим. Икковимиз ҳам битта репетиторга қатнардик. Мен филологияга, у эса ҳуқуқшуносликка тайёрланардик. Бир куни сабоқдан чиқиб, то бекатгача бирга кетдик. Устознинг ёнида ҳуш-фикрим фақат дарсда бўлгани учун унга ҳозиргидек диққат билан қарамагандим. Ёшига мос бўлмаган салобати, қатъияти эътиборимни тортди. Илк бор унинг жингалак сочлари, маъноли кўзлари, хушбичим юзларига қарадим. Бекатда икковимиз ҳам автобус кутиш учун тўхтадик. Шу пайт бир аёл бир даста наргис гуллари билан бизга яқинлашди. Димоғимга наргис атри урилди. У менг ҳеч нарса демасдан бир боғламни гулни сотиб олиб, аёл узоқлашиши билан менга узатди:

– Буни сенга олдим, - деди қатъиятли овозда. 

Ичимда уйғонган оний севинчни сиртимга чиққармадим. Қошларимни чимириб: 

-Сендан гул сўраганмидим? – деб юзимни четга бурдим. 

Нега шундай қилганимни ҳозир ҳам билмайман. У жим қолди. Кўп ўтмай автобус келди. Йўлимиз бир эди. У менга йўл бермоқчи бўлганида, бош чайқадим: 

-Сен кетавер, мен ойимни кутаман.

-Унда, яхши қол, - дея автобусга чиқди. Нега бундай қилдим ўзи? Ахир ойим келмаслигини билардим-ку? Менга нима бўлди? Чамаси, ҳисларим менга бўйсунмай қўйганди. Шу пайтгача, дарс, талабалик истаги билан тўлиб тошган миямнинг бир чеккасидан кичик бир туйнук очилган-у, ундан руҳимга  сарин шабада оқиб кирар, кимдир қулоғимга 17 ёшимни, гўзал ва ақлли қиз эканимни, менга наргис тутган йигитнинг қанчалик муносиб эканини пичирламоқчи бўларди. 

Автобуснинг шовқини тингач, ўша томонга тикилиб қолдим. Бирдан кўзим ерда ётган наргис дастасига тушди. Атрофимда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, гулларни ердан олдим. Беихтиёр, ўзим сезмаган ҳолда уларни бағримга босдим ва уч бекатлик йўлни худди алфозда босиб ўтдим. 

Машғулотими яна икки кундан кейин бўлиши керак эди. Ўша куни дарсдан қайтию соатимга қарадим. Ҳар доимгидек уй вазифасини бажариш ўрнига, кўзгу қаршисида ўтирдим, ўзимга назар ташладим. Трюмо устида турган гулдонга, ундан менга қараб турган наргисларга боқдим. Ўша куни машғулотга бориш учун бошқача кийиндим, ҳатто лабларимни ҳам бўядим. Лекин у келмади. Кейинги машғулотга ҳам бормади. Хуллас уни қайтиб кўрмадим. Устознинг айтишича, бошқа репетитор топганмиш. Гулдондаги наргислар ҳам кундан-кун сўлиб борарди...

...Совуб қолган чойдан бир қултум ичиб, деразадан наргис сотувчи кишига қарадим. Маошгача икки кун қолганди. Кейинги кунлари кутилмаган харажатларнинг кўпайгани боис, заҳирадаги пулларни ишлатиб бўлгандим. Икки кунлик йўлкира ва нон учун пул қолганди, холос. 

Кийимимни алмаштириб, қайтганимда, қизим деразадан наргиз сотувчсига қараб турганини кўрдим. Мени кўриши билан 

– Наргис оласизми ундан? – деб сўради.

– Ҳа, унинг ёнидан гул сотиб олмасдан ўтолмайман. У ҳам ўрганиб қолган, мени кўзиши билан кўзлари яшнаб кетади. 

– Бечора, совқотиб қопти! Боядана бери кузатиб ўтирибман, ҳеч ким олмаяпти! 

– Ҳаммаям онангдек тентак эмас, қизим...

Қизим тушунмагандек, елкасини қисди.

– Бўпти, мен кетдим, - чиқиш эшиги олдида унинг пешонаисдан ўпиб хайрлашдим. – Дарсларингни қил, уйдан чиққанингда, газ, сув, чироқни ўчиришни унутма. 

– Хўп, ойи, ҳар куни битта гапни қайтаравераркансиз-да! 

Кулимсираб, зиналардан пастладим. Кўчага чиқишим билан юзимга изғирин  урилди. Муюлишдан пиёдалар йўлаги томон одимладим. Иссиқ уйдан совуққа чиққаним учунми, этим жунжикди. Наргиз сотувчи киши қарама-қарши томонда турганча, совуқ қотган оёқларини алмаштириб, беихтиёр қўлидаги наргисларни ҳидлаб қўярди. Худди қишнинг қаҳратонида наргиз ифорида исинмоқчига ўхшарди. 

Йўлни кечиб ўтаётганимда, бирдан қаттиқ шамол эсди-да, эркакнинг қўлидаги гулларнинг бир нечтасини ерга улоқтирди. Эркак беўхшов ҳаккалаб, ерга очилган гулларни теришга тутинди. Мен эса, фурсатдан фойдаланиб, пальтомнинг чўнтагидаги икки манат ва тангаларни ҳовучлаганча қадамимни тезлатдим. Узоқлашаркаман, ортимдан кимнингдир умидвор нигоҳларни ҳис этгандек бўлдим. 

Мен ўзим истамаган ҳолда, кимнингдир сўнгги умидини аёвсиз эзғилаб ўтгандим. Тўхтаб, чуқур нафас олдим. Чўнтагимдаги охирги икки манатни бериб, сотувчидан бир даста наргис сотиб олдим. Эркак менга мамнун қараб қўйди. 

Ҳар доимгидек, қизим дарсдан чиқиши билан менга телефон қилди. Кун бўйи унинг қўнғироғини кутаётгандим. Қутичага йиғиб қўйган пулидан бир манат олиб, уйга нон келтиришини сўрадим. (Тунов куни қучасида икки манат борлигини кўргандим) Қизим ҳуркак бир овозда: 

–Ойи, мен... у пулга наргис сотиб олдим, - деди. 

Устимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Кечқурун уйга нон олиш учун пул қолмаганди. 

–Мен ҳам наргис олувдим-ку, - дедим имкон қадар ўзимни қўлга олиб. 

-Қараб турувдим, олмасдан ўтиб кетдингиз-ку?... Бечора амаки сизнинг орқанигздан умидқор қараб қолди. – шу онда ортимдаги ғойибона нигоҳ наргис сотувчисига эмас, қизимга тегишли бўлганини англадим. 

Ўша оқшом картошка қовурмасини нонсиз едик. Мен ҳам ноилож қизимга ноннинг зарарлари, уруш пайтида картошка нон ўрнини босганини айтиб бердим. Ўша кечаси илк бор уйимиз наргисларга тўла бўлса-да, унинг ифорини туймадим. Ўша кеча ётоғимга, бетон деворлардан наргис ҳиди сизиб кирмади. 

Шанба куни бўлгани боис, ишга бормагандим. Ҳаво қуёшли, шамолсиз бўлгани боис, елкамга жун камзулимни ташлаб, балкондан қизимнинг йўлига кўз тикиб ўтирардим. Наргиз сотувчи киши ҳамон ўша жойида, ўтган қайтганга умидқор қараб ўтирарди. Кўчанинг бошида, муюлишда қизимнинг синфдошлари билан бирга чиқиб келаётганини кўрдим. Бироз гаплашиб келишгач, синфдошларидан ажралди. Аммо, нариги томонга кета бошлаган синфдошлари орасидан узун бўйли, жингалаксоч, дид билан кийинган йигитча яна ортига қайтиб, қизимга етиб олди. Наргиз сотувчиси ёнида қизим негадир бир зум тўхтаб қолди. Кейин яна юришда давом этди. Йигитча шу ондан чўнтагидан пул чиқариб, сотучидан бир даста наргис сотиб олди. Кейин пиёдалар йўлагидан кесиб ўтаётган қизимга етиб олди. Йўлдан ўтишгач, улар кўздан йўқолишди. Ҳар қанча уринсам-да, уларни кўролмадим.

Уйга кирдим. Беихтиёр шахсий нарсаларим турган тортмадаги шоколад қутисини очдим, бир пайтлар шеър ёзиб юрган дафтарчам варақлари орасида турган, қуриб қолган гулбаргларни қўлимга олдим. Тахминан 5-10 дақиқадан сўнг эшик қўнғироғи жиринглади. Эшикни очишим билан уйимизни наргис ҳиди тутиб кетди. Назаримдан бу ифор кейинги 18 йиллик умрим оша  сизиб келарди..

                                         Рустам Жабборов таржимаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1