1

Лабдаги учуқ организмнинг огоҳлантириш белгисидир!

САЛОМАТЛИК 13.01.2015, 16:10
Лабдаги учуқ организмнинг огоҳлантириш белгисидир!

Статистик маълумотларга кўра, ер юзидаги 80-90 фоиз киши герпес вирусининг ташувчиси ҳисобланади. Лабга учуқ тошиши ана шу вируснинг қўзғалиши натижасида юз беради. Бир йилда 1-2 марта герпес, яъни учуқ безовта қилса, у қадар ваҳимали эмас. Аммо бу ҳол сурункали давом этса, тананинг бошқа аъзоларига тарқаса ёхуд тузалиши қийин бўлса, албатта, шифокорга мурожаат этиш лозим. Герпес тошмаси ҳақида яна нималарни билишимиз керак? Бугун шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Мавзу юзасидан олий тоифали дермато-венеролог шифокори Шуҳрат АКБАРОВ маълумот беради.

Тиббиётда герпеснинг саккиз тури таснифланади. Шулардандан фақат биринчисигина лабга тошма чиқиши билан номоён бўлади. Вируснинг иккинчи тури эса тана аъзоларининг шиллиқ қавати, шу жумладан, жинсий аъзоларда ҳам юзага келиши мумкин.

“КАСАЛЛИК ЮҚУМЛИМИ?”

— Қиш бошланиши билан қизимга тез-тез учуқ тошади. Керакли муолажаларни бажарамиз. Бошқа фарзандларимга ҳам юқмасайди, деб қўрқаман. Аслида ҳам тошма юқумлими?

Санобар, Тошкент шаҳри

— Лабдаги герпес тошмасига қўл билан тегиниб, сўнг бошқалар билан сўрашганида (агар ўша одамнинг қўл терисида бирор очиқ жароҳат бўлса), шахсий гигиена воситаларидан умумий фойдаланиш, камдан-кам ҳолатда эса ҳаво томчиси йўли билан юқиши мумкин. Шу билан бирга, совуққотиш сабаб шамоллаш юзага келганида, тўйиб ухламаслик, сурункали чарчоқ, стерсс ҳолатлари туфайли организмнинг иммун тизими сустлашса ҳам, герпес тошмаси пайдо бўлади.

 

“САБАБИ НИМА?”

— Шамолласам, лабимга учуқ тошади.  Учуқ чиқиши шамоллаш асоратиданми?

Баҳром, Самарқанд шаҳри

— Организмдаги касаллик вируси иммунитет ҳимояси сустлаши билан дарҳол фаоллашиб, кўпая бошлайди. Шу тариқа вируснинг “уйғониши” лаб ёки тананинг бошқа аъзоларида тошма тошиши билан номоён бўлади. Кўриб турганингиздек, асосий омил иммунитет бўлаяпти. Шамоллаш эса шунчаки организмнинг ҳимоя тизимини заифлаштирган, холос.

Лабнинг енгил ачишиши, қичишиши ва шишиб қолгандай туюлиши учуқ дарагидир. Одатда, бундай белгилар бир неча соатдан суткага қадар давом этиши мумкин. Агар тошма аломатлари сезилган заҳоти даволаш чоралари кўрилса, лабдаги яллиғланишнинг олдини олиш мумкин. Акс ҳолда  эса лаб териси аста шишиб, яллиғланган соҳа атрофида пуфакчалар пайдо бўлади. 

“КРЕМЛАРДАН ФОЙДАЛАНМОҚЧИМАН...”

— Ҳозирда дорихоналарда антибактериал турдаги кремлар талайгина. Учуқ тошмасини даволашда мазкур кремлардан фойдаланса бўладими?

Дилафруз, Сирдарё вилояти

— Герпес тошмасида пуфакча пайдо бўлиб, бир неча кунда ёрилади. Сўнг ўрни ачишиб, безовта қилиши мумкин. Учуқ тузалаётганда пуфакча атрофида қаттиқ тери қатлами пайдо бўлиб, бир-икки кунда кўчиб тушади. Ана шунда лаб терисини юмшатувчи ва озиқлантирувчи антибактериал кремлардан фойдаланиш мумкин.

“ШИФОКОРГА БОРИШ ШАРТМИ?”

— Бир неча ой давомида учуқ тошишидан безор бўлдим. Уй шароитида муоалажа қилаяпман. Аммо онам “Шифокорга бор”, деяпти. Тиббий кўрикдан ўтишим шартми?

Гулнора, Тошкент вилояти

— Аксарият ҳолларда лабдаги учуқни шунчаки шамоллаш дея, у қадар эътибор беришмайди. Табиийки уй шароитида турли усулларга мурожаат қилишади. Ваҳоланки, сурункали давом этаётган учуқ тошмаси организмдаги вируслар таъсиридан бўлади. Бу ҳолатда албатта шифокор кўригидан ўтиш зарур. Агар мутахассис лозим топса, қондаги вируслар миқдорига оид ҳамда тошмадан олинган суртма намунасига кўра, таҳлил ўтказиши ҳам мумкин. Шу тариқа организмдаги вирусларга қарши муолажа ва лабдаги учуқни даволаш учун махсус суртмалар буюрилади.

Мумкин эмас!

  • Лабдаги учуқ пуфакчаларини игна билан ёрманг ва  унга спирт суртманг. Чунки пуфакча ичидаги суюқлик лаб атрофи ёки юз, кўз ва тананинг бошқа аъзоларига ҳам тарқаб, инфекция кўпайиши мумкин.
  • Лабда ачишганда тошма устини тишлаш ёки уни қўлда кўчириш қатъиян маън этилади.

Биринчи ёрдам...

Лабда яллиғланиш белгилари бошланаётганини сезсангиз, безовталикни енгиллаштириш учун таркибида мойчечак, тирноқгул (колендула) экстрактини жамлаган суртмалар, шунингдек, оққарағай (пихта) мойи билан енгил ишлов бериш мумкин.

ШАМОЛЛАШГА ҚАРШИ 9 ТА ФОЙДАЛИ ИЧИМЛИК!

Раъно ЯРАШЕВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Тумов, томоқда ачишиш ёки тинмай акса уриш кузатилганда вирус таъсирини “кесадиган” шифобахш ичимликлардан ичинг. Қолаверса, улар организмга қувват ҳам бўлади.

ЛИМОН+АСАЛ

Эт увишса, қора ёки кўк чой дамланг-да, яримта лимон ва 1-2 чой қошиқ асал қўшинг. 10 дақиқадан сўнг оз-оздан ичишингиз мумкин. Бундай ёқимли муолажадан сўнг оёқни иссиқ тутиб, иложи бўлса, бирор соатлар ухлаб дам олинг.

МАЙМУНЖОН+ЖЎКА

Тумов бошланганида маймунжон ва жўка (липа) гулидан тайёрланган чой айни муддао бўлади. Бунинг учун тенг миқдорда жўка гули ва маймунжонниг қуритилган барги (ёки мураббоси) ни чойнакка солинг-да, устидан қайноқ сув қуйинг. 30 дақиқадан сўнг ичиш мумкин.

НАЪМАТАК+ШАКАР

Наъматак таркибидаги С витамини касаллик қўзғатувчи вирусларга қарши иммунитетни чиниқтиради. Термосга 3 ош қошиқ наъматак мевасини солиб, устидан ярим литр сув қуйинг-да, дамланг. Ярим соатдан сўнг таъбга кўра асал ёки шакар аралаштириб, ичинг.

СУТ+МАЪДАНЛИ СУВ

1 стакан сутни иситиб, унга ярим стакан маъданли сув қўшинг. Сув ва сутли аралашма томоқдан балғам кўчишини осонлаштиради.

САРИМСОҚПИЁЗ+СУТ

Уйқуга ётишдан олдин 1 стакан иситилган сутга 10 томчи саримсоқпиёз шарбатини аралаштиринг-да, оз-оздан ичинг. Сўнгра ўраниб ётинг. Бу усул шамоллаш аломатларини тез ва самарали бартараф этади.

ОЛМА+НОК+ОЛХЎРИ ҚОҚИ

100 граммдан олма ва нок қоқсини 1 литр сувга солиб, оловга қўйинг. Қайнаб чиққач, туршак, майиз ва олхўри қоқларини қўшасиз. Барча масаллиқлар 10 дақиқа давомида қайнатилади. Сўнг таъбга кўра шакар соласиз. Компотни кун давомида илиқ ҳолатда ичишингиз мумкин.

ЗАНЖАБИЛ+АСАЛ+ЛИМОН

1 стакан қайнаган сувга 1 чой қошиқ асал, ярим чой қошиқ занжабил ҳамда яримта лимон шарбати солинг.  5 дақиқа тиндирилгач, оз-оздан ичишингиз мумкин. Мазкур ичимликни асосан эрталаб оч қоринга қабул қилган маъқул. Занжабилли чой организмга қувват бағишлаб, жисмоний фаолликни ҳам оширади.

МОЙЧЕЧАК+ЖЎКА+АСАЛ

Мойчечак, жўка (липа) гули ҳамда асал аралаштириб қабул қилинса, шамоллашга қарши энг мақбул восита бўлади. Фойдали чойни тайёрлаш учун 1 чой қошиқдан мойчечак ва жўка гулини 200 гр. қайнаган сувга дамлаб, 20 дақиқага қолдирасиз. Таъбга кўра асал қўшишни унутманг. Чой уч қисмга бўлиниб, бир кунда уч маҳал ичилади.

Н.Илёсова тайёрлади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1