АсосийIqtisodiyot

Шавкат Мирзиёев “Ўзчармсаноат” уюшмасига экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифасини қўйди

'Шавкат Мирзиёев “Ўзчармсаноат” уюшмасига экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифасини қўйди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилишида экспорт таркиби, ташқи бозордаги талаб ва юртимиз корхоналарининг ундаги ўрни чуқур таҳлил қилинди. 

Ўзбекистон экспортининг 50 фоизидан юқорисини ҳанузгача газ, олтин, кумуш, мис, рух, полиэтилен каби хомашёлар ташкил этаётгани, арзон хомашё мавжуд бўлган тармоқлар бўйича ишлаб чиқариш ва экспорт етарлича йўлга қўйилмаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, мамлакатимизда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик салоҳият бўлса-да, ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзчармсаноат” уюшмасига терини чуқур қайта ишлаб, аёллар пойабзаллари ва сумкалари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти сўнгги икки йилда 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллион долларга етган бўлса ҳам, унинг деярли ярмини ип-калава ташкил этмоқда.

Шу боис Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига экспортда тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

 

Бошқа янгиликлар