2019 йил 23сентябрь куни соат 11:50 ларда Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Камалов Хайрулло Сайфуллаевич (исми ўзгартирилган), Наманган шаҳар, «Юксалиш» МФЙ ҳудудида шартли харидор Д.Солиев (исми ўзгартирилган)га махсус ишлов берилган 400.000 сўм пул эвазига бир бўлак оқ целофан пакет парчасига ўралган ҳолдаги 3 бўлак гиёҳванд моддани қонунга хилоф равишда сотганда ушланган. Мазкур ҳолат ҳақида Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ТБ терговчиси, майор А.А.Турғунов "darakchi"га хабар берди.
Тадбир давомида Х.С.Камалов ушбу моддани Наманган шахар, “Юксалиш” МФЙда яшовчи Алимардонов Нодир Шарипович(исми ўзгартирилган)дан шатрли харидор Д.Солиев томонидан берилган 400.000 сўм пул эвазига сотганлиги маълум бўлди.
Шу куни соат 18:50да Наманган шаҳар 1-кичик туман ҳудудида жойлашган “Отчопар” ўйингоҳи олдида Х.С.Камалов, Н.Ш.Алимардонов билан учрашган. Холислар иштирокида Н.Ш.Алимардоновдан нима мақсадда Х.С.Камалов билан учрашганлиги сўралганда, у хақиқатдан ҳам Х.С.Камаловга 400.000 сўм пул эвазига бир бўлак оқ целофан пакет парчасига ўралган 3 та бўлак моддани сотганлигини, ушбу пулдан 300.000 сўмини шахсий эхтиёжлари учун фойдалангани, қолган 100.000 сўм пул эса яшаш хонадонидаги уяли алоқа телефон қутиси ичида турганлигини маълум қилган.
Н.Ш.Алимардоновнинг кўрсатмаларига асосан унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда уяли алоқа телефон қутиси ичида 10.000 сўмлик кўпюрада жами 100.000 сўм пул борлиги аниқланиб, ушбу пуллар ОЛД-41 ускунаси ёрдамида ёритилганда унда “наша” сўзи ва махсус кукун билан ишлов берилганлиги аниқланган.
Судга оид наркологик экспертнинг хулосасида Н.Ш.Алимардоновдан олинган уч бўлак турли хил ўлчамлардаги модда таркибида гиёҳвандлик моддалар бир хил бўлган, жигарранг «Cannabis» ўсимлигига хос ҳидли, қуруқ, қаттиқ ҳолатдаги моддалар аниқланган. Бу фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол бўлиб, “наша” деб аталади. Унинг соф оғирлиги 1,14 гр. эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.С.Камалов ва Н.Ш.Алимардоновларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов харакатлари олиб борилиб, жиноят иши айблов хулосаси билан Наманган шаҳар прокуратурасига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шахар судининг ҳукмига кўра Х.С.Камалов ва Н.Ш.Алимардоновлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, озодликдан махрум этиш жазосига тортилди.






