Маълум бўлишича, Бухоро вилояти Пешкў туманида фаолият юритиб келаётган “Ричланд” корхонаси томонидан Хитой Халқ Республикасидан 3660 килограмм буғдой уруғлиги “Ўсимликлар карантини” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддаси талаблари бузилган ҳолда, яъни экспортёр давлат фитосанитар сертификати ва импорт карантин рухсатномасисиз Пешкў туманига олиб келинган. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси хабар бермоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Инспекциянинг масъул ходимлари, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Бухоро ташқи иқтисодий фаолият божхона пости инспекторлари, “Ричланд” корхонаси вакиллари иштирокида ушбу буғдой уруғликлари “Тоза ҳудуд” ДУКка қарашли чиқинди йиғиш майдонида ёқиб, кўмиб ташланди.
Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда “Карантин остидаги маҳсулотни олиб қўйиш, қайтариб юбориш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом мавжуд бўлиб, унга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган, аниқ сифат сертификати мавжуд бўлмаган ҳар қандай маҳсулотнинг кириб келишига йўл қўйилмайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мазкур ҳолат жорий йил бошидан буён такрорланаётган иккинчи қонунбузилиши ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Бухоро вилояти Ўсимликлар карантини инспекцияси мутахассислари белгиланган талабларга жавоб бермаган 1000 килограмм чигит ва 300 килограмм соя уруғини ўрнатилган тартибда йўқ қилган эдилар.