2019 йилнинг 20 ноябрь куни кеч соат 2:30 лар атрофида Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани, “Шоҳгузар” МФЙ ҳудудида яшовчи 1972 йилда туғилган фуқаро Хасанбой Эсонов хонадонида газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш билан боғлиқ фалокат содир бўлди, дея хабар беради “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати.
Мазкур чақнаш оқибатида Х.Эсоновнинг турмуш ўртоғи С.Эсонова 5 фоиз, 2001 йилда туғилган ўғли О.Мусурмонқулов эса 45 фоиз тана қисмининг куйиши оқибатида касалхонага ётқизилган.
Ушбу кўнгилсиз ҳолатнинг сабаблари “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ва тегишли идоралар томонидан ўрганилганда, фуқаро Х.Эсонов хонадонига қўлбола (юмалоқ шаклдаги) иситиш мосламаси ўрнатиб, унга 1,5 метр оддий резина шланг улаб фойдаланиши ҳамда резина шлангнинг емирилиши оқибатида, сизиб чиққан газ хидини сезмасдан электр чироқни ёқиб юбориши оқибатида келиб чиққанлиги аниқланди.
Ҳозирда, воқеа юзасидан туман прокуратураси ва ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча ўзбошимчалик ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик оқибатида, Фарғона вилоятида ҳам хонадон эгасининг мутлақо хавфсизликка зид равишда, газ қувурига велосипед резина камераси улаб қўйиши натижасида мана шундай ҳолат содир бўлган эди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва унинг республикадаги филиаллари томонидан, аҳоли ўртасида газдан ва айниқса, ис газидан заҳарланиш каби бахтсиз ходисаларни олдини олишга қаратилган огоҳлантиришларга қарамай, афсуски, фуқаролар томонидан ускуналарни ишлатиш йўриқномаси талаблари ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаслиги ҳамда ўзбошимчалик билан иш тутаётганликлари оқибатида, кўнгилсиз ходисалар келиб чиқмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ яна бир бор газ истеъмолчиларидан огоҳ бўлишларини, хонадонларидаги мавжуд барча газ ускуналаридан йўриқнома талаблари ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда фойдаланишларини сўрайди.
Техник носозлик кузатилганда дарҳол газ таъминоти корхоналарига “104”, “1104”, “71 200-08-04” рақамлари орқали мурожаат этишни унутманг!