Қадимий Ипак йўли чорраҳасида жойлашган ватанимиз жаҳон туризм харитасида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Мустаҳкам ўрин эгаллашимиз учун эса сайёҳлар сонини келаётган йилларда 10, эҳтимол, 100 баробарга ошириши керак бўлади.
Бир қарашда бу жуда мушкул ишга ҳам ўхшамайди. Дунё аҳолисининг 75 фоизи ипак йўли бўйлаб саёҳат қилишни орзу қилиши ҳақида кўпгина маълумотлар мавжуд. Хусусан, Forbes журнали Ипак йўлини энг қудратли брендлардан бири эканини тан олган.
Хўп, бу борада атрофимиздаги қўшни давлат вакилларининг қарашлари қандай? “Киргиз туризм” бош директори Донияр Казаков бу борада ўз фикрларини изҳор этди.

– Ўзбекистон нафақат Ипак йўли чорраҳаси, балки муҳим тарихий бурилиш нуқтасида турибди, – дейди Д.Казаков. – “Бухоро”, “Қарши”, “Нукус” ва “Термиз” халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режими ишга тушгани шундан далолат беради. Бу эса бозорни халқаро авиакомпанияларга мамлакат аэропортлари ва уларнинг қуруқликдаги хизматлари учун очади. Бизда ҳам бу тажриба яхши натижа бериб, ҳозирда Дубай, Қатар авиакомпаниялари парвози учун рухсат берилган.
Билишимча, жорий йилда юртингизда хорижий сайёҳларга 1,1 миллиард доллардан кўпроқ хизматлар кўрсатилган. Кузатишларимга кўра, соҳада маркетинг яхши йўлга қўйилган. Айниқса, турли давлатларда туризм элчилари тайинланиши ажойиб тажриба. Ўрганса арзийдиган бу усулни биз ҳам кўллаб кўрмоқчимиз.
Ўтган йиллар давомида Тошкентга йигирма мартадан кўпроқ келганман. Ҳар сафар виза масаласи муаммо бўлади. Қизиқиб, Чернявка постига ҳам бориб кўрдим. Одамлар кўп, навбатда туриб бир ярим соат вақт йўқотдим. Шу боис МДҲ давлатлари ўртасида регистрация, божхона каби жараёнларга барҳам беришни таклиф қилмоқчи эдим. Марказий Осиё давлатлари учун ягона виза жорий этилиши тарафдориман. Ана шунда сайёҳлик оқимини янада кучайтириш, хорижлик меҳмонларга қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган дурдона шаҳарлар тарихи билан яқиндан танишиш ва бугунги кунидан баҳраманд бўлишига имконият яратган бўлардик.
Йўллар очилиб, сайёҳларни эркин олиб юриш имконияти яратилса, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ютуққа эришамиз. Бунда сизлар Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий обидаларни таклиф қилсангиз, биз чексиз табиатимиз, тоғларимиз, ўрмонларим ва отларимиз, Қозоғистон отлари ва чўлдаги объектларни кўз-кўз қилиши мумкин. Қисқа айтганда ҳар бир давлатнинг ўзига хос йўналиши мавжуд. Бу борада талашадиган, бир-бирига халал берадиган ҳеч нарса йўқ. Таомларимиз ҳам ўзига хос, ўзгача. Келганлар уларни ҳар биридан татиб кўриб, ўзи баҳо бераверади.
Шу тарзда бу борадаги тажрибалар ва кучларимизни бирлаштирсак бутун дунё сайёҳларини жалб қила оламиз. Мисол учун, биз бу йил 7 миллион нафар сайёҳ қабул қилдик. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 миллиондан кўпроқ экан. Агар “Ипак йўли” брендини кучайтирсак, оммалаштирсак дунё аҳолиси Марказий Осиё давлатларига оқиб келади. Бунинг учун эса бирлашмоқ керак.






