АсосийJinoyat

«Соннат» занжири узилди: 15 млн сўмлик психотроп дорилар савдосига чек қўйилди

'«Соннат» занжири узилди: 15 млн сўмлик психотроп дорилар савдосига чек қўйилди'ning rasmi

Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан Республика ҳудудида муомаласи чекланган психотроп дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланишда гумонланган, 4 нафар шахс қўлга олинди. Тезкор тадбирлар якунида «Соннат» занжири фош этилиб, жами 2000 дона, тахминий суммаси 15 миллион сўмга тенг бўлган психотроп таблеткалар савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан вилоят ҳудуди бўйлаб гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши мунтазам тадбирлар ўтказилиб келинади. Бу каби тадбирларнинг навбатдагиси интернет ижтимоий тармоғидан бошланди. Дастлаб фуқаро М.Р. Telegram тармоғи орқали таркибида психотроп бўлган «Соннат» дори воситаларини виртуал савдога қўйганлиги аниқланади.

Шундан сўнг тезкор ходимлар М.Р. билан Telegram’да хуфиёна алоқа ўрнатди. Тармоқдаги мулоқотда М.Р. «Соннат» психотроп дори воситасининг ҳар бир қутисини 72 минг сўмдан етказиб беришни таклиф қилади. Шу тариқа 70 қути, жами 700 дона таблеткани 5 миллион 40 минг сўм эвазига сотиб олиш учун буюртмани қабул қилади. Келишувга кўра, М.Р. ушбу дори воситаларини «Андижон—Тошкент» йўналишидаги такси ҳайдовчисидан бериб юборишини ва келишилган пулни ҳам шу ҳайдовчи орқали қабул қилишини айтади.

Жорий йил 4 ноябрь куни «Андижон—Тошкент» йўналишидаги такси ҳайдовчиси Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри ҳудудига 70 та қутида, жами 700 дона Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи чекланган «Соннат» («Зопиклон») дори воситасини олиб келган вақтида холислар иштирокида ушланиб, дори воситалари далилий ашё сифатида олинади. Такси ҳайдовчиси ушбу таблеткаларни Андижондан М.Р. исмли аёл бериб юборганлигини айтади.

Тезкор ходимлар ушбу натижа билан чекланиб қолмай, тадбирни давом эттириб, Андижон шаҳрига боради. Андижон шаҳрида яшовчи М.Р. исмли аёлнинг тўлиқ шахсини аниқлаб, келишилган 5 миллион 40 минг сўм пулни такси ҳайдовчисидан олаётган вақтида ушланди.

Занжирнинг охирги ҳалқаси Андижон шаҳри, «Ал-Бухорий» маҳалласида яшовчи иккинчи фармацевт Б.А.га бориб тақалди. Унга ҳам 30 қути, жами 300 дона «Соннат» психотроп моддаси буюртма қилинади ва у ҳам дориларни сотаётган вақтида қўлга олинди.

    Бошқа янгиликлар